Пропан нархи ошганига изоҳ берилди

Жамият

image

Суюлтирилган газ (пропан) бозорда импорт маҳсулот улуши ва нархининг ошиши ҳисобига қимматлади. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди. 

Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йилда биржа савдоларида жами 358 минг тонна пропан сотилган бўлиб, шундан 61 фоизи (219 минг тонна) маҳаллий ва 39 фоизи импорт маҳсулот ҳиссасига тўғри келган. 

Январь-июль ойларида ички бозорда маҳаллий маҳсулотнинг улуши юқори бўлиб, ўртача 80 фоизгачани ташкил этган. Август ойидан бошлаб бу кўрсаткич камайиб борган ва декабрь (35 фоиз) ойи ва январнинг ўтган даврида 10 фоизгача қисқарган.

“Бунга асосий сабаб  – маҳаллий маҳсулотнинг аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилганлиги”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қўмита томонидан пропан нархига нисбатан бошланғич нархдан ошириш чегараси кўпи билан 20 фоиз (спред) этиб белгиланиши, 1 та савдо сессиясида 5 тонна (бунгача  – 10 тонна) харид лимити ўрнатилиши ҳисобига маҳаллий маҳсулот сотилиш нархи йил давомида тоннасига 7 млн сўмдан ошмаган. 

Айни пайтда импорт маҳсулот нархи 8 млн сўмгача шаклланган.

Шу ўринда қўмита маҳаллий ва импорт маҳсулот ўртасида мавжуд нарх тафовутини эслатиб, сўнгги вақтларда пропан қимматлашганини импорт маҳсулот улуши ва нархлари ўсиши билан изоҳлаган. 

“Маҳаллий ва импорт маҳсулотнинг бошланғич (50 фоиз) ва сотилиш (35 фоиз) нархи ўртасида 40 фоизгача тафовут мавжуд. Бироқ сўнгги ойларда ички бозорда импорт маҳсулот улуши ва талабнинг ошиши ҳисобига биржа савдоларидаги ўртача нарх импорт маҳсулот ҳисобига шаклланмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт маҳсулотнинг бошланғич нархлари оширилиши сабабли бугунги кунда 1 тонна суюлтирилган газ маҳсулоти ўртача 9,5 млн сўмгача сотилмоқда – декабрга нисбатан ўсиш 20 фоиз”, дейилади хабарда. 

Қўмитанинг таъкидлашича, республикада пропанда ҳаракатланувчи автомобиллар улуши 11 фоиз, ички бозорда реализация қилинган ёқилғи маҳсулотларнинг атиги 5 фоизи суюлтирилган газ (пропан) ҳиссасига тўғри келади.

Ўз навбатида, Рақобат қўмитаси ички бозорда пропан нархини барқарорлаштириш мақсадида ўз ваколати доирасида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, АЁҚШларда нархлар устидан доимий мониторинг олиб борилаётганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг