Прокурор, терговчи ва адвокат пора билан қўлга тушди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент, Жиззах ва Наманганда прокурор, терговчи, суриштирувчи, адвокат ва бошқаларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жиззах вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори Жиззах шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқарони муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланганлик ҳолатини ўзининг ваколатли ҳамкасби орқали олиб ташлашни ваъда қилиб, эвазига 1000 АҚШ доллари ва 1 дона Samsung Galaxy S24 Ultra русумли телефон аппаратини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкент шаҳар Яккасарой туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси ва 2 нафар суриштирувчиси ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, бўлим иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ҳамда унинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидан 276-моддасининг 2-қисми “а” бандига қайта малакалаш эвазига, айбланувчининг таниши Қ.О. орқали 7 минг АҚШ доллари олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1967 ва 1970 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар шахс 1980 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, унга нисбатан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувидаги Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят ишини прокуратура органларидаги танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлардан бири, яъни, 1970 йилда туғилган шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди. Билдирилишича, ҳозирда уларнинг прокуратура тизимидаги танишларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Наманган шаҳридаги адвокатлар ҳайъати адвокати вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 168- ва бошқа моддалари билан қўзғатилиб, ҳозирда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишига ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 8 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Таъкидлаш лозимки, адвокат муқаддам Жиноят кодексининг 25,97-моддаси билан судланган шахс ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

прокурор терговчи адвокат суриштирувчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made