23 ёшли қиз ўз жонига қасд қилди: прокуратура терговчиси ҳибсга олинди
World
−
23 July 43920 2 minutes
Тожикистонда 23 ёшли Меҳрона Ноибованинг ўлимини тергов қилиш доирасида Бош прокуратуранинг катта терговчиси Фируз Саидзода қўлга олинди. Бу ҳақда кеча, 22 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида республика Бош прокурори Ҳабибулло Воҳидзода маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Саидзода аллақачон прокуратура органларидан бўшатилган. Унга нисбатан Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда санкциясида уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Бош прокурор, шунингдек, иккинчи прокуратура ходими – Давлат Арабзодага нисбатан жиноят иши қўзғатилмаганини маълум қилган. Воҳидзоданинг айтишича, Дарвоз туманига сафар чоғида у Саидзода ва Меҳрона Ноибовага ҳайдовчилик қилган.
Бош прокуратурада терговнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаган. Хусусан, тергов айнан қайси ҳаракатлар ишни ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш моддаси бўйича квалификация қилишга асос бўлганига аниқлик киритмаяпти.
Меҳрона Ноибованинг ўлими ҳақида нималар маълум?
Меҳрона Ноибова жорий йилнинг 4 апрель куни Дарвоз туманидаги “Чорчаман” дам олиш масканида вафот этган. Ўша куни Меҳрона у ерда танишлари, жумладан, прокуратура ходимлари Фируз Саидзода ва Давлат Арабзода билан бирга дам олаётган бўлган. Меҳронанинг мурдаси кейинроқ Панж дарёси соҳилидан топилган.
Қизнинг ўлимидан сўнг содир бўлган воқеанинг расмий талқини сифатида ўз жонига қасд қилиш кўрсатилган. Бироқ унинг қариндошлари бу талқинга ишонмасликларини ва холис тергов ўтказилишини талаб қилиб келган. Уларнинг сўзларига кўра, Меҳрона ўлимининг тафсилотлари кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда.
Бир неча ой давомида Ноибованинг яқинлари содир бўлган воқеанинг барча ҳолатларини аниқлашни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилган. Қиз ҳалок бўлишидан олдин унинг ёнида бўлган шахслар орасида прокуратура ходимлари борлиги сабабли бу иш кенг жамоатчилик эътиборини тортган.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August