Профилактика инспекторлари ортиқча вазифалардан озод қилинади
Жамият
−
08 Апрель 5483 4 дақиқа
Ўзбекистонда профилактика инспекторлари ортиқча вазифалардан халос этилади. Бу ҳақда бугун, 8 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимотида сўз боради.
Қайд этилишича, давлат раҳбари бугунги таҳликали замонда мамлакатда жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш энг устувор вазифалардан бири эканини таъкидлаган. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари бирлаштирилган. Ҳозирда мазкур департамент ИИВ шахсий таркибининг қарийб 30 фоизини ташкил этади.
Бундай катта ва мураккаб тизимни самарали бошқариш ҳамда қатъий назорат қилиш янгича ёндашувни талаб қилади. Шу муносабат билан тақдимотда соҳада замонавий бошқарув ва рақамли назорат механизмларини жорий этиш, самарадорлик кўрсаткичларини “Жазоловчи тизимдан – аҳолига хизмат кўрсатувчи тизимга” тамойили асосида қайта ишлаб чиқиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.
Маҳаллаларда профилактика ишларини ташкил этиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда республикадаги қарийб 9 минг маҳаллада 10 мингдан зиёд профилактика инспектори хизмат қилиб келмоқда. Ўтган йили улар аҳолидан келиб тушган 2,5 миллиондан зиёд аризани кўриб чиққан, 470 мингдан ортиқ ҳолат бўйича материаллар судга юборилган. Шу билан бирга, профилактика инспекторлари фаолияти устидан ортиқча бошқарув бўғинлари кўпайиб кетгани оқибатида маҳалла хавфсизлиги ва жиноят профилактикасига етарли эътибор қаратилмаётгани қайд этилган.
Шу муносабат билан профилактика инспекторларини ортиқча вазифалардан халос этиб, уларнинг бевосита ўзига юклатилган ишга – маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли муаммолари билан манзилли ишлашга тўлиқ йўналтирилган тизим яратиш зарурлиги таъкидланган.
Жумладан, кунлик онлайн йўриқнома ўтказиш, “Менинг инспекторим” электрон тизими орқали хизматни ташкил этиш, суд-тиббий экспертиза муассасалари билан электрон маълумот алмашишни жорий қилиш, профилактика инспекторларини ишдан ажратмаган ҳолда онлайн ўқитиш ва малакасини ошириш, маҳаллада хавфсизликни таъминлашга кўмаклашувчи “жамоат ёрдамчиси” гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш таклиф этилган.
Инспекторларга айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича қарор қабул қилиш ваколатини бериш, 6 та кам аҳамиятли қилмиш бўйича маъмурий огоҳлантириш тизимини жорий этиш таклиф қилинган. Бу орқали инспекторнинг маҳалладан чиқмаган ҳолда иш олиб бориши, самарадорлиги ортиши ва кўпроқ аҳоли билан яқиндан ишлаш имконияти яратилиши таъкидланган.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича узлуксиз ишлаш тизимини йўлга қўйиш, бунинг учун профилактика инспекторлари, мактаблардаги инспектор-психологлар ва маҳаллалардаги хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларни маҳалла даражасида ўзаро боғлайдиган, ёшлар, аёллар ва оилавий муаммоларнинг барвақт олдини олишга хизмат қиладиган яхлит тизим яратиш зарурлиги таъкидланган. Улар реал вақт режимида ахборот алмашишлари ҳамда ягона маълумотлар базасидан фойдаланишлари учун профилактика ахборот тизими жорий қилинади.
Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жамоат хавфсизлиги ходимларини тайёрлаш тизими амалиёт билан узвий боғланган манзилли дуал таълим асосида қайта кўриб чиқилаётгани қайд этилган. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Жамоат хавфсизлиги университети ўртасида профилактика инспекторлари, пробация инспекторлари, патруль-пост, йўл-патруль ва қўриқлаш хизмати мутахассисларини мақсадли тайёрлаш бўйича янги тизим таклиф этилган. Бунда назария ва амалиёт уйғунлаштирилиб, ўқишнинг биринчи курсида 80/20, иккинчи курсда 60/40 ва учинчи курсда эса 50/50 нисбатда ташкил этилади.
Таълим жараёнида ижтимоий профилактикани амалга ошириш, процессуал ҳаракатлар, ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, жанговар тайёргарлик, психологик бардошлилик, муомала маданияти, саф бўлинмаларини бошқариш каби амалий компетенциялар шакллантирилади.
Тингловчи ва талабалар стажёр лавозимига тайинланади, мустақил иш юритиш ҳамда қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлиб, мураббий назорати ва жавобгарлиги остида иш юритади. Битирувдан кейинги 5 йил давомида мониторинг қилиниб, малакаси доимий ошириб борилади.
Президент таклифларни маъқуллаб, жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар мурожаатларига тезкор жавоб бериш ва ходимлар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ ечимлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган.
Live
БарчасиБлогер “Real Sanjik” иши судга оширилди
08 Апрель