Пригожиннинг дафн маросими унинг ҳаёти каби махфийликда ўтди (фоторепортаж)
Олам
−
30 Август 2023
13074“Вагнер” асосчиси Евгений Пригожин сўнгги йилларда қатъий махфийликда яшади ва унинг дафн маросими ҳам унинг ҳаёти каби бўлди.
Илгари кўплаб Россия қаҳрамонлари ҳарбий шараф билан дафн этилган Серафимов қабристонида ўнлаб журналистлар навбатчилик қилаётганда, Пригожиннинг дафн маросими бутунлай бошқа черков ҳовлисида – Пороховда жимгина ўтган. Маълумотларга кўра, унинг отаси ҳам шу қабристонга дафн этилган. Журналистларнинг нима учун дафн этилган жой ҳақида аввал хабар берилмагани ҳақидаги саволига қариндошлари шуни хоҳлади дея жавоб берилган.
Пригожиннинг дафн маросимига унинг онаси бош-қош бўлган. У ўғлининг қабрига Бродскийнинг “Натюрморт” шеъридаги “Ўликми ёки тирикми?” иқтибосини қолдирган.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, дафн маросими шу қадар тинч ўтганки, яқин атрофдаги уйларнинг ҳеч бири уларни пайқамаган. Пригожин соат 16:00 да дафн этилган, черков ҳовлиси эса соат 17:00 да ёпилган.
“Агентлик” нашри қабристон ходимига таяниб, дафн маросимида 20-30 киши бўлганини, ҳарбий кийимдаги одамлар йўқлигини маълум қилган.
Пригожиннинг ўлими
Жорий йилнинг 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари эса мазкур ҳалокат ортида Путин турганини истисно қилмаслигини билдирган.
Масалан, Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилаётган бўлса, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий эндиликда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Путинга ўтишини тахмин қилмоқда.
27 август куни Россия Федерацияси Тергов қўмитаси “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинни Тверь вилоятидаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Кеча, 29 август куни Пригожиннинг дафн маросими Санкт-Петербург қабристонларидан бирида бўлиб ўтди. Унинг дафн маросимига Россия раҳбари Владимир Путин бормади.
LiveБарчаси