Пригожинга қарши жиноий иш тугатилмаган – “Коммерсант”
Олам
−
26 Июнь 2023
14482Бугун, 26 июнь куни эрталаб “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожинга қарши қуролли исён уюштирганлик бўйича тергов иши ҳали ҳам тугалланмагани маълум бўлди. Бу ҳақда Россия Бош прокуратурасидаги манбасига таяниб, “Коммерсант” газетаси хабар берди.
Нашр суҳбатдошига кўра, Россия Жиноят кодексининг 279-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатиш тўғрисидаги қарор ҳалигача бекор қилинмаган ва тергов давом этмоқда. Манбага кўра, бошқа қарор қабул қилиш учун жуда оз вақт ўтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 июнь куни Кремль воизи Дмитрий Песков “Вагнер” жангчилари жавобгарликка тортилмаслигини, Пригожинга қарши қуролли исён уюштирганлик иши тўхтатилишини ва унинг ўзи Беларусга жўнаб кетиши мумкинлигини айтганди.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини сўраган ва Москвагача боришини билдирди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли кучлар ҳаракатини тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси