Пригожин қўзғолондан сўнг илк бор вагнерчилар қаршисида чиқиш қилди
Олам
−
20 Июль 2023
12006"Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси асосчиси ва раҳбари Евгений Пригожин Беларусда ёлланма аскарлар олдида чиқиш қилди. Бу ҳақда кеча, 19 июль куни "Вагнер" билан боғлиқ Telegram-каналларда видео эълон қилинди.
Видеода Пригожин вагнерчилар муносиб курашгани ва Россия учун кўп иш қилганини айтган.
“Ҳозир фронтда содир бўлаётган воқеалар биз иштирок этишимиз керак бўлмаган шармандалик, холос. Биз ўзимизни тўлиқ ифодалашимиз мумкин бўлган вақтни кутишимиз керак. Шунинг учун бизнинг бир муддат Беларусда бўлишимиз кераклигига қарор қилинди”, дейди Пригожин видеода.
Шунингдек, у "Вагнер" жангчилари Беларусь қуролли кучларини дунёнинг иккинчи армиясига айлантиришини, керак бўлса, уларни ҳимоя қилишини айтган. Бундан ташқари, Пригожин ёлланма аскарлардан беларусликлар уларни нафақат қаҳрамон, балки оға-ини сифатида кутиб олганига ҳам эътибор беришини сўраган.
Шундан сўнг, Пригожин ҳарбий компаниясига “Вагнер” номини берган қўмондонга сўз берган. Видеода эркак ўзини “ўша Вагнер” эканини айтади. Уни баланд қарсаклар билан кутиб олишган. Хусусий компанияга яқин манбалар унинг Дмитрий Уткин экани ҳақида ёзди.
“Барчага бажарилган ишлар учун катта раҳмат! Муваффақиятларимиз туфайли “Вагнер” номи бутун дунёга танилди. Бу охиргиси эмас. Тез орада амалга ошириладиган жуда катта ишларимизнинг бошланиши, холос. Welcome to hell!” деган Уткин.
Қайд этиш жоизки, бу Дмитрий Уткиннинг илк бор, Пригожиннинг эса қўзғолондан кейинги биринчи кўриниш бериши ҳисобланади. Айрим Telegram-каналлар видео Беларуснинг Могилёв вилояти, Осиповичи шаҳри яқинидаги лагерда суратга олинганини тахмин қилмоқда. Беларусь Мудофаа вазирлиги эса "Вагнер" ёлланма аскарлари шу манзилда бўлиши мумкинлигини айтиб ўтган. Шунингдек, вазирлик ёлланма аскарлар мамлакатга кўчиб ўтганидан сўнг, Беларусь аскарларини ўқитишини эълон қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 18 июль куни "Беларускi Гаюн" мониторинг лойиҳаси Беларусда аллақачон 2000-2500 “Вагнер” ёлланма аскарлари борлигини ёзди. Унга кўра, 11 июлдан бери Беларусга ёлланма аскарларнинг камида беш колоннаси, яъни камида 382-400 та машина етиб келган. 20 июль куни “Вагнер”га яқин Telegram-каналда компаниянинг "қўмондонлар кенгаши" аъзосининг баёноти эълон қилинди ва унда Беларусга 10 000 га яқин ёлланма аскар келиши ёзилган.
LiveБарчаси