Президентликка номзоднинг ўлдирилиши ортидан Эквадорда фавқулодда ҳолат жорий этилди
Олам
−
10 Август 2023
3584Эквадор президентлигига номзод Фернандо Вильявисенсио ўлдирилиши ортидан юзага келган тартибсизликлар сабабли амалдаги Президент Гильермо Лассо мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат жорий қилди. Бу ҳақда “El universo” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, бугун 10 август куни ярим тундан кейин мамлакат президенти Гильермо Лассо томонидан чиқарилган 841-сонли фармон асосида 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Ўн икки саҳифалик фармонда Президент Миллий полиция ва Қуролли кучлар органлари жамоат тартибини назорат қилиши ҳамда фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш мақсадида сафарбар қилиниши айтилган. Шунингдек, унда йиғилишлар уюштириш ҳам чекланган.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бўлган Миллий полиция ва Қуролли кучларнинг ходимлари куч ишлатишнинг қонуний нормалари ва амалдаги тамойилларига риоя қилишлари шарт. Унга мувофиқ жамоат тартибини назорат қилиш, ички ҳимоя ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун орган ходимлари қонуний куч ишлатишга ваколатли”, дейилади ҳужжатда.
Ҳужжатда сўнгги жиноий ҳаракатлар мамлакатда зўравонлик кучайиб бораётганини кўрсатаётгани, бу борада Миллий полиция ва Қуролли кучларнинг иштироки зарурлиги таъкидланган.
Гильермо Лассонинг миллий телеканалларнинг бирида берган интервьюсида сўнгги ҳужумдан афсусда эканлиги, буни уюштирганлар жазосиз қолмаслигини айтган ҳамда ҳолатда “террористик хусусиятга эга сиёсий жиноят” дея баҳо берган.
“Биз бу суиқасд сайлов жараёнини бузишга уриниш эканлигига шубҳа қилмаймиз. Президентлик сайловларининг биринчи босқичидан бир неча кун ўтиб бундай номақбул ҳаракат содир бўлаётгани бежиз эмас”, дея изоҳ берган у.
Шунингдек, у турли мамлакатлар, халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган ҳамдардликлар учун миннатдорчилик билдирган.
Мамлакатда бундан олдин ҳам, яъни, жорий йилнинг 23 июль куни Гуаяс провинциясининг Дуран шаҳри ҳамда Манаби провинциясида 60 кунлик фавқулодда ҳолат жорий қилинган эди. Бунга Манта мэри Агустин Интриагонинг ўлдирилиши сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 август куни Эквадор президентлигига номзод 59 ёшли Фернандо Вильявисенсио сайловолди митингидан сўнг отиб ўлдирилганди.
LiveБарчаси