Президент юкларни халқаро ташишда транспорт харажатларини қисқартиришни буюрди

Жамият

image

Бугун, 9 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатда саноат, тадбиркорлик тобора ривожланиб бормоқда. Йил бошидан буён 50 мингта янги корхона ташкил топган, экспортёрлар сони 7 минг 500 дан ошган. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 бараварга кўпайиб, 8 миллиард 200 миллион долларга етган.

Иқтисодиётда ишлаб чиқариш қанчалик муҳим бўлса, маҳсулотни етказиб бериш ҳам шунчалик аҳамиятли. Айниқса, ҳозир дунёда логистика муаммолари авжига чиққан вазиятда бу ўта долзарб ҳисобланади.

Шу боис давлат томонидан экспортчи корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бу йил Ўзбекистон маҳсулотлари 32 та янги бозорларга кириб борган. Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича ишлар ҳам жадаллашмоқда.

Дунёда юк ташиш харажатлари ошганини инобатга олиб, экспортёрларга бу харажатларни қисман қоплаш учун давлат томонидан 170 миллиард сўм компенсация берилган. Шунингдек, Европага тайёр маҳсулотлар экспорт қилувчи корхоналарга транспорт харажатлари учун субсидия миқдори 50 фоиздан 70 фоизга оширилган.

Мамлакат маҳсулотлари хорижга, асосан, 9 та транспорт йўлаги орқали ташилади. Тақдимотда ҳар бир транспорт йўлаги бўйича долзарб масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.

“Транспорт соҳасини ривожлантириш иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш учун муҳим замин. Транспортда юк ташиш таннархи паст бўлса, ҳам экспорт, ҳам инвестиция кўпаяди”, деган Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Транспорт вазирлигига тадбиркорлар учун энг мақбул йўлларни таклиф этиш ва уларнинг транспорт харажатларини қисқартириш вазифаси қўйилган. 

Европага экспорт юкларини ташиш учун қўшимча рухсатлар олиш муҳимлиги таъкидланган. Автомобилда юк ташиш учун Покистон ва Туркманистон билан қўшма транспорт компаниялари ташкил этиш таклифи билдирилган.

“Қўнғирот-Бейнов” халқаро автомобиль йўли реконструкциясини жадаллаштириш, юк вагони ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солиш бўйича кўрсатмалар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент йиғилиши

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг