Президент йиғилиш ўтказди. Мавзу – БАА ва Япония

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари ва Японияга олий даражадаги ташрифлар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

БАА ва Япония – улкан инвестицион имкониятларга эга, жадал ривожланиш, модернизация ва илғор технологияларни самарали жорий қилишда, диверсификациялашган ва барқарор иқтисодиётни шакллантиришга хизмат қиладиган кенг миқёсли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда катта тажрибага эга мамлакатлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24-26 март кунлари БААга ва 17-20 декабрь кунлари Японияга амалга оширган расмий ташрифлари икки томонлама ҳамкорликлар тарихида янги саҳифалар очди.

БАА ва Япониядаги шериклар билан дўстона ва конструктив руҳда ўтган самарали музокара ва тадбирлар олий даражадаги мулоқот янада қўллаб-қувватланишининг муҳимлиги, бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи омил эканини яна бир бор тасдиқлади.

Ташрифлар якунида ҳукуматлараро ва идоралараро салмоқли ҳужжатлар тўплами, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестицион битимлар имзоланди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ, Япония билан эса 6 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Жумладан, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, нефть-газ, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, туризм ва бошқа соҳаларда қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Йиғилишда БАА компаниялари билан эришилган келишувлар бугун ўз натижасини бераётгани таъкидланди. Масалан, “Масдар” компанияси Ўзбекистонда қуёш электр станцияси қурилишига 100 миллион доллар сармоя киритмоқда. 2019 йил октябрь ойида қуёш энергетикасида давлат-хусусий шерикликка инвестициялар жалб қилиш бўйича Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган очиқ тендерда ушбу компания ғолиб деб топилди. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг биринчи чорагида бошланиши кутилмоқда. 

Бундай ижобий натижалар БАА ҳамда Япония иштирокидаги бошқа кўплаб лойиҳаларда ҳам кузатилмоқда.

Хусусан, БАА иштирокида 1 миллиард долларлик капиталга эга “The Abu Dhabi Uzbek Fund” инвестиция фонди ташкил этилди. Бугунги кунга келиб ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан кичик ва ўрта лойиҳаларни, шунингдек, Самарқанд шаҳрида меҳмонхона қуриш, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилишини молиялаштириш маъқулланди.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) маблағларини жалб қилган ҳолда Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) кредит маблағлари ҳисобидан “Маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов бериш марказлари (дата-марказлар) ташкил этиш”, “Пакетли коммутация халқаро марказларини кенгайтириш”, “Телекоммуникация транспорт тармоғи ва маълумотлар узатиш тармоғини кенгайтириш”, “Радиотармоқни модернизация қилиш” лойиҳаларини амалга ошириш учун 180 миллион доллар маблағ жалб этишни режалаштирган.

Шу билан бир қаторда, япониялик мутахассис Эцуаки Ёшида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида вазир маслаҳатчиси сифатида фаолият бошлади. У АКТ соҳасидаги корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш дастурини амалга ошириш учун хорижий инвестициялар ва халқаро кредит линияларини жалб қилиш масалалари билан шуғулланади. Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонасида таълим, фан ва инновациялар бўйича маслаҳатчи-вакил ҳамда хусусий бизнес билан ишлаш бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш чоғида ташрифлар натижалари бўйича ишлаб чиқилган “йўл харита”ларига мувофиқ 2020 йил учун белгиланган чора-тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли ижросини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбариятининг ҳисоботи эшитилди, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, экспорт олди молиялаштиришни кенгайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, саноат тармоқлари ва истиқболли лойиҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда манзилли ёндашувни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди ва таклифлар ишлаб чиқилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-БАА Ўзбекистон-Япония

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг