Президент ёшлар масаласи билан ишлашни нега ДХХга топширганини айтди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда. Президент йиғилишда ёшлар масаласи билан ишлашни бежиз ДХХга топширмаганини урғулади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Мирзиёев шунча вазифалар белгилаб берилганига қарамай, айрим раҳбарларнинг ёшлар масалаларига эътибори ҳали ҳам талаб даражасида эмаслигини кескин танқид қилди.

“Биз йил бошида ёшлар масаласини бежиз Давлат хавфсизлик хизматига топширмаган эдик. Бу борадаги ўрганишлар жойларда савия йўқлигини кўрсатди. Туман, шаҳар ҳокимлари, ҳозирги замон талабига мос иш қилолмаяпти, ректорлар номига юрибди. Нимага ректор ёшлар билан учрашди, 2-3 та талабани ишли қилди, деган гапни эшитмаймиз? Ёки ректорлар нега талабалар турар жойларига бориб санъат арбоблари билан учрашув ўтказмайди, нимага таклиф бермайди? Ота-оналар ректорларга қараб турганда нега улар ташаббус билан чиқмайди? Чунки ҳеч ким ёмон кўрингиси келмайди, амалда ҳамма ўзига яхши бўлишини хоҳлайди”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Президентнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовда талабчанлик етишмаётганини, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов фолиятида натижа кўринмаётганини танқид қилди.

Йиғилишда жойлардаги муаммолар аниқ мисоллар билан айтиб ўтилди. Масалан, Андижон вилоятида 80 минг нафар ишсиз ёшдан биринчи чоракда 35 минг 600 нафарининг бандлиги таъминланган, шундан бор-йўғи 5 мингга яқини доимий ишларга жойлаштирилган. Ваҳоланки, бугунги кунда вилоятда саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўринлари мавжуд.

Жалақудуқ, Пахтаобод туманлари ва Хонобод шаҳрида бўш иш ўринларига жойлаштиришда камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Худди шу каби, ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитишда ҳам муаммолар бор. Косонсойда 4,5 минг нафар ишсиз ёшларнинг 31 нафари, Наманган туманида 3,6 минг нафардан 47 нафари, Тахтакўпирда 1,3 минг нафардан 45 нафари ўқитилган, холос.

Шунингдек, ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун Бандлик жамғармасидан 7 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланган бўлса-да, Қашқадарёда бор-йўғи 5 нафар, Андижонда 11 нафар, Қорақалпоғистонда 76 нафар ёшларга субсидия ажратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ДХХ

Баҳолаганлар

424

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made