Президент Ўзбекистон Миллий музейининг қурилишини кўздан кечирди

Жамият

image

Бугун, 11 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахт марказида барпо этилаётган Ўзбекистон Миллий музейининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу йирик лойиҳа Президентнинг 2025 йил 1 июлдаги тегишли қарорига асосан амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари ўтган йил август ойида мазкур иншоот қурилишига тамал тоши қўйган.

Мамлакат етакчиси музей ҳудудида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари, объектлар пойдевори ва муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш жараёни билан танишган. Мажмуа Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва келажак интилишларини намоён этадиган муҳим маданий маскан бўлиши таъкидланган.

Музейнинг меъморий қиёфаси ва мазмун-моҳияти дунёдаги илғор тажрибалар асосида шакллантирилган. Лойиҳа машҳур япониялик меъмор Тадао Андо томонидан яратилган, экспозиция концепцияси эса Германиянинг “Atelier Brückner” ташкилоти томонидан тайёрланган.

Мажмуанинг умумий майдони 3,9 гектарни, бино майдони эса 40 минг квадрат метрдан ортиқни ташкил этади. Иншоот 3 қаватли асосий бино ҳамда 2 қаватли ерости қисмидан иборат бўлади.

Музей майдонининг 60 фоизи таълим ва илмий фаолиятга ажратилади. Бу ерда кўргазма заллари, бой кутубхона, реставрация лабораториялари ва конференция заллари жойлашади. Оилалар ва ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ресторанлар ҳамда болалар майдончалари ҳам ташкил этилади.

Ушбу маданий маскан бир вақтнинг ўзида 3 минг 500 нафаргача ташриф буюрувчини қабул қила олади. У ерда 10 мингга яқин тарихий ва санъат экспонатлари намойиш этилади.

Бино қуриб битказилгач, атрофидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Миллий боғ билан биргаликда яхлит меъморий ансамблни ҳосил қилади.

Франциянинг Лувр, АҚШнинг Метрополитен ва Британия музейлари каби дунёнинг нуфузли маданий муассасалари билан қўшма кўргазмалар ўтказиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Президент мутасаддиларга қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат стандартлари асосида бажариш бўйича топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда хорижга олиб чиқиб кетилган маданий бойликларни қайтариш бўйича комиссия тузилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг