Президент уйида ишлаб пул топувчилар учун енгиллик берилиши бўйича топшириқ берди
Жамият
−
22 Апрель 2020
9048Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакат аҳолиси бандлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда пандемия даврида аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорларга имтиёзлар бериш масаласи кўриб чиқилди.
Видеоселекторда давлат раҳбари уйида ишловчи ёшлар ҳақида тўхталиб ўтди. Ушбу масалада соҳа мутасаддиларига қатор топшириқлар берилди.
Жумладан, бугунги кунда кўплаб ёшлар уйида ўтириб, интернет орқали дизайнерлик, таржимонлик, дастурлаш, реклама, репетиторлик каби хизматлар кўрсатмоқда. Лекин бундай мутахассислар, яъни фрилансерлар учун масофадан ҳисоб рақами очиш, почта, тўловларни қабул қилишда қатор тўсиқлар мавжуд. Оқибатда ушбу фаолият билан шуғулланувчиларнинг харажатлари 2-3 баробар ошиб кетаётгани таъкидланди.
Шу боис мутасаддиларга бундай фаолият турлари учун имтиёз ва преференциялар бериш, ёшларни интернетдан фойдаланиб, ақлий меҳнат орқали даромад топишга ўргатиш, соҳани ривожлантириш учун хорижда оммабоп бўлган тўлов тизимларини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Президент видеоселектор давомида ўзини ўзи банд қилган фуқароларга гувоҳномалар бериш ўз самарасини бермаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Ушбу одамларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолият юритиши учун қулай ва содда ҳуқуқий тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, бундай кишиларга 85 та фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилган. Йиғилишда бу рўйхатни кенгайтириш, қонунчиликда тақиқланмаган барча тадбиркорлик турларига рухсат бериш кераклиги айтилди. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган одамлар фақат хабардор қилиш орқали рўйхатдан ўтиб ишлайдиган механизм жорий этилиши маълум қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь