Президент ўтказаётган йиғилишда 2 ҳоким ва уларнинг ўринбосарлари “учди”
Жамият
−
19 Ноябрь 2025 10719 2 дақиқа
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда Қашқадарё ва Сурхондарёдан биттадан туман ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари ишдан олинди.
Йиғилишда маҳаллаларда аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар ва 2026 йилдаги вазифалар муҳокама қилинмоқда.
Денов тумани ҳокимлиги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани кўрсатиб ўтилди. Камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган.
Чироқчи туманига жорий йил маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитга 309 миллиард сўм ресурс берилган. Лекин туман ҳокимлиги шунча ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермаган.
Йиғилишда Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш.Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов, унинг биринчи ўринбосари Зафар Эргашев ишдан олиниши белгиланди.
Давлат раҳбари Сурхондарёнинг Узун туманини намунавий ҳудудлардан бири сифатида қайд этган. 51 та маҳалласи бўлган туманга жорий йил камбағалликни қисқартириш ва бандлик дастурлари доирасида 160 миллиард сўм маблағ берилган.
Туманга 70 миллион доллар хорижий инвестиция олиб келинган, 47 та корхона ишга туширилган, 300 та сервис объектида 1 минг нафар одам ишли бўлган, 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилиб, тадбиркор билан аҳоли ўртасида кооперация йўлга қўйилган, 2 мингдан зиёд микролойиҳада 4 минг 200 нафар одам даромадли бўлган.
Шуларнинг ҳисобига Узун туманида йил бошидан камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайган.
Live
Барчаси