Президент учинчи Ренессанс атамасига аниқлик киритди
Жамият
−
01 Октябрь 2020
39129Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда учинчи Ренессанс атамаси кун тартибига чиққан. Хўш, бу қандай амалга оширилади? Мамлакатда биринчи ва иккинчи Ренессанс қачон бўлганди? Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бунга аниқлик киритди.
“Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак.
Тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари сўзи давом этаркан, буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзларини келтиради.
“Мен юқорида Аристотелнинг фикрларини бежиз эсламадим. Ҳаммангизга яхши маълум, антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи тўққизинчи – ўн иккинчи асрларда Марказий Осиё ҳудудида қайта порлади. Бу даврда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди.
“Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади.
Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.
Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди”, дейди Президент.