Президент Тошкентдаги янги транспорт иншоотини бориб кўрди
Жамият
−
03 Май 2022
8111Бугун, 3 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида барпо этилган янги йўл инфратузилмаси объектлари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишшича, йўл инфратузилмаси объектларининг қурилиши 2020 йил августда бошланган. Лойиҳа доирасида 6,5 километр узунликдаги 6 тасмали автомобиль йўли, 6 та кўприк қурилган. Бу орқали Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Усмон Носир кўчалари билан самарали боғланган.
Шу пайтгача Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланар эди. Соатига 4 мингта автотранспорт қатновига мўлжалланган бу йўлда аслида юклама бундан катта, шу боис эрталаб ва кечки пайтларда жуда тирбанд бўларди.
Янги қурилган йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга. Бу тирбандлик муаммосини бартараф этиб, пойтахт аҳолисига жуда катта қулайлик яратади.
Хабарга кўра, кўприклар, уларга чиқиш-тушиш қисмлари оқилона лойиҳалаштирилиб, мавжуд йўлларга светофорсиз уланган. Натижада автотранспортлар бошқа йўллардаги қатновга тўхтовсиз, қулай тарзда қўшилиб кетиши мумкин.
“Яна бир томони – ҳавога таъсири. Маълумки, юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лекин бу фақат дарахт экиш дегани эмас, балки экологияни асраш ҳам демакдир. Янги йўл очилиши натижасида ҳавога зарарли газ чиқиши 3 баробарга камаяди. Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар, узум ишкомлари ўрнатилган. Бўш майдонлар кўкаламзорлаштирилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилган”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, шу ерда Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари қуриш ва шаҳар транспорт тизимини такомиллаштириш таклифлари тақдимоти ўтказилган. Бугун очилган йўлни давом эттириб, Сергели туманини айланиб ўтувчи ҳалқа йўлигача 6 километрлик йўл барпо этиш лойиҳаси маъқулланган.
Давлат раҳбари йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини айтган.
“Ҳамма жойда йўл қуриб ёки кенгайтириб бўлмайди. Кўп нарса қатновни тўғри ташкил этишга ҳам боғлиқ. Энди йўлларнинг, чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш керак”, деган Шавкат Мирзиёев.
Президент шу ерда тошкентлик нуронийлар, жамоатчилик фаоллари билан суҳбатлашган.
“Миллий қадриятимизга кўра, йўл ва кўприк қуриш – савоб. Одамларнинг узоғини яқин қиладиган бу йўл ҳозирги улуғ айём кунларида очилаётгани ҳам қувонарли. Илгари “Сергелида 10 та уй қурса бўладими” деганда ҳеч ким ишонмасди. Охирги беш йилда Сергели ва Янгиҳаёт туманларида 800 га яқин кўп қаватли уйлар қурилди, қарийб 100 минг аҳоли бошпанали бўлди. Мана энди йўллари ҳам ривожланяпти. Ҳозир мутахассислар билан кейинги лойиҳалар бўйича ҳам маслаҳатлашиб олдик. Уларни вақти билан, меҳнатимиз билан, тинчлик-осойишталикда амалга ошира оламиз”, деган давлат раҳбари.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15