Президент Тошкент метросининг Сергели йўналишини очиб берди
Жамият
−
26 Декабрь 2020
10868Жорий йил Мустақиллик байрами арафасида Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи битказилган эди. Бугун, 26 декабрь куни унинг яна бир муҳим бўғини – Сергели йўналиши ишга туширилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни ушбу транспорт объектини бориб кўрган. Шу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан дилдан мулоқот бўлган.
“Бу йил иқтисодиёт учун, одамларимиз учун қийинчиликлар кўп бўлди, ҳозир ҳам давом этяпти. Лекин шу мураккаб ҳолатларни иложи борича юмшатиш бўйича ҳар куни бамаслаҳат ишлаяпмиз. Иқтисодиётни ривожлантириш, бозор топиш, одамларга даромад манбаи яратиш йўларини излаяпмиз. Ҳамма масалалар маҳаллабай ҳал қилинади. Нимага? Яхшимиз ҳам, ёмонимиз ҳам маҳаллада”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, энергия қувватларини кўпайтириш бўйича кўрилаётган чоралар айтиб ўтилган.
“Оммавий ахборот воситаларига раҳмат. Улар давлатимизга душман эмас, дўст. Улар баланд овозда адолатни, ҳақиқатни айтиб турмаса, раҳбарларнинг дарров оёғи ердан узилиб қолади. Халқимиз, уйингга эски тўнингни илиб қўйиб, кимлигингни унутма, деганидек, ҳамма раҳбарлар шу элнинг фарзанди, вакили эканини доим ёдда тутиши керак. Юртимиздаги тинчликнинг қадрига етиб, халқимизга муносиб шароит яратишимиз зарур”, дейди Президент.
Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга поездда юриб, йўловчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирган.
Бу метро йўналишини лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган эди. Узунлиги 7 километрлик мазкур темир йўлда бешта бекат барпо этилган. Метрополитеннинг “Олмазор” бекати билан оралиқда 580 метрлик тоннел қурилиб, ерусти ва ерости йўллари боғланган. Бекатлар миллий дизайн асосида пардозланган, замонавий технологиялар, электрон тўловли турникетлар, эскалатор ва лифтлар билан жиҳозланган. Бу йўналишда 214 нафар ходим йўловчиларга хизмат кўрсатади.
“Ушбу йўналишда кунига 35 мингтагача одам қатнаши мумкин. Шу боис у ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам экологик жиҳатдан улкан аҳамиятга эга. Масалан, Сергели туманини пойтахтимиз маркази билан боғловчи автомобиль йўли аксар ҳолларда тирбанд бўлади. Оқибатда ёқилғи сарфи ортиб, атмосферага катта миқдорда зарарли газлар чиқади. Одамлар манзилига кечикиб, асабийлашади. Янги ерусти метроси эса аҳолига жуда катта қулайлик яратади”, дейилади хабарда.
Охирги бекатда ушбу Сергели йўналишини Қўйлиқ йўналиши билан боғлаш, ерусти метросининг кейинги босқичларини қуриш бўйича тақдимот ўтказилган.
“Илгари Сергелига метро келишини биров тасаввур қилганмиди?! Мана, энди халқимизга катта қулайлик пайдо бўлди. Яна бир томони, бу экологик тоза транспорт. Кейинги метро йўлларини ҳам аҳолига маъқул, қулай, хавфсиз, сифатли қилиб қуриш, хориж тажрибасини ўрганиш керак”, дейди Давлат раҳбари.
Пойтахтда аҳоли зич яшайдиган Қорақамиш, Ибн Сино, Тошкент трактор заводи мавзеларида жамоат транспорти тизимини яхшилаш, автобус йўналишларини мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар берилган.
Ерусти метроси тагидаги спорт майдончаси ҳам кўздан кечирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь