Президент тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимларини табриклади

Жамият

−

image

Бугун, 27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фарматсевтика соҳаси ходимлари билан учрашиб, уларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклади ва меҳнати учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби маълум қилди.

“Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз”, дейди Президент. 

Сўнгги ўн йилда мамлакатда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга тушган, 58 минг шифо ўрни яратилган. Замонавий шифохоналар кўпайиб, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошган. 

Илгари чет элда амалга оширилган туғма юрак нуқсонлари, аъзолар трансплантатсияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари каби юздан зиёд хизматлар бугун мамлакатда бажарилмоқда. 

Президент бу натижаларда тиббиёт ходимларининг билим ва маҳорати ҳал қилувчи ўрин тутаётганини қайд этган.

Тиббиётни рақамлаштириш бўйича ишлар хусусий клиникалар ва дорихоналарни ҳам қамраб олмоқда. 

“Яқинда бу тизимни сунъий интеллект имкониятлари билан янада бойитиб, шифокор ва ҳамшираларнинг ҳақиқий кўмакчисига айлантирамиз, дейди давлат раҳбари.

Фарматсевтика товарларининг 70 фоизини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган. Шу боис, сўнгги йилларда 1 миллиард долларлик 330 та янги қувват ишга туширилган. 

“Тошкент биофарм сити” кластери, Андижон, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятида фарматсевтика эркин иқтисодий зоналари ташкил этилган. Уларда 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президент тиббиёт ва фарматсевтика соҳасидаги ўзгаришларда 800 мингдан зиёд ходимнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаган. 

Яқинда соҳа фидойиларининг бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлаш ҳақида фармон имзоланган. Улар орасида тиббиёт ходимлари билан бирга тадбиркорлар ва хорижлик ҳамкорлар ҳам бор. 

Учрашувда мамлакат етакчиси давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширган. 

Инсон саломатлигини асраш, илғор илмий ишланмалар ва даволаш усулларини жорий этишда барчага ўрнак бўлаётган тиббиёт ходимлари учун алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш ташаббуси ҳам илгари сурилган. У буюк Ибн Сино номи билан аталади.

“Доим айтаман, бирламчи бўғин қанча яхши ишласа, халқимиз шунча соғлом бўлади”, дейди Президент. 

Шу мақсадда 28 та туманда бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш бўйича янги тизим синовдан ўтказилган. Ушбу туманларда 7 миллион аҳоли оилавий шифокорларга номма-ном бириктирилган, икки томоннинг вазифа ва мажбуриятлари ўзаро битимда белгиланган. 

Янги лабораториялар ишга туширилиб, шифокор ва ҳамширалар ўқитилган, “бемор маршрути” ишлаб чиқилган. Бу поликлиникаларга аҳоли ишончини оширган. Кафолатланган пакет доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилмоқда. 

Бирламчи бўғинда самара берган ушбу модель келаси йилдан яна 100 та туманда йўлга қўйилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг