Президент тайёр пулни эплаб ишлатолмаган беш амалдорни ишдан олди, учига “ҳайфсан” берди
Жамият
−
11 Июль 2023
25980Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Бахтиёр Камолов, Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Соҳиб Саифназаров, “Темир йўл” АЖ раиси Хусниддин Хосилов ва Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев лавозимидан озод этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 июль куни ўтаётган инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилишида шундай топшириқ берди.
Йиғилишда инвестиция олиб келиш у ёқда турсин, айрим раҳбарлар маблағи анча аввал келган лойиҳаларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани қаттиқ танқид қилинган.
Жумладан, “Сувтаъминот” томонидан Сирдарё, Гулистон, Сайхунобод туманлари ва Янгиер шаҳрида 2021 йилда 76 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича қарз битими имзоланган. Ушбу лойиҳа доирасида ишлар бошланмагани оқибатида 250 минг аҳолининг ичимлик сувини яхшилаш ишлари икки йилга кечикмоқда.
Ёки, “Иссиқлик электр станциялари” 2019 йилда бошланган “Талимаржон” электр станциясида қўшимча 900 Мегаваттли буғ-газ қурилмасини қуриш лойиҳаси доирасида 690 миллион доллардан бугунги кунгача бор -йўғи 135 миллион доллари ёки фақат 20 фоизи ўзлаштирилган.
Сув хўжалигида йил якунига қадар 16 та йирик насос станциясини хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва энергия самарадорлигини камида 50 фоизга ошириш доирасида соҳага 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритилиши керак. Лекин бу йўналишда биронта ўзгариш қилгани йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан тўрт йил аввал “Тошкент-Самарқанд”, “Тошкент-Андижон” пуллик йўллари ва “Тахтақорача” довонида пуллик тоннел қуриш топшириқлари берилган. Лекин на лойиҳа қилиш, на инвестор жалб қилиш бўйича ҳалигача амалий ишлар бошланмаган.
Бугунги кунда темир йўлда 2,5 мингта юк вагони етишмаслиги, мавжуд вагонларнинг 3,5 мингтаси эса таъмирталаблигига қарамай, уларни кўпайтириш, йўлларни модернизация қилиш учун бор-йўғи 16 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирган.
Шунингдек, хорижий инвестициялар ўзлаштириш ҳажми ўтган йилга нисбатан “Ўзавтосаноат”да 47 фоизга, тўқимачиликда 43 фоизга, қурилиш материалларида 31 фоизга камайган.
Шу боис, инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйганликлари учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Бахтиёр Камолов, Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Соҳиб Саифназаров, “Темир йўл” АЖ раиси Хусниддин Хосилов ва Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев лавозимидан озод этилган.
“Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси Баҳодир Жўраев, “Ўзсаноатқурилишбанк” раиси Сахи Аннакличевга “ҳайфсан” эълон қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь