Президент тадбиркорлик ва аҳоли бандлиги масаласида йиғилиш ўтказмоқда
Жамият
−
24 Ноябрь 2020
4745Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Кун тартибига иккита масала – ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга доир келгуси вазифалар муҳокамаси киритилган.
Жорий йил бошида ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими халққа мурожаат қилиб, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича аниқ режаларини белгилаб олган эди. Уларни амалга ошириш мақсадида, бу йилги мураккаб синовларга қарамасдан, бизнесни қўллаб-қувватлаш учун етарли ресурслар ажратиб, барча зарур шароитлар яратилди.
Йиғилишда, аввало, ҳокимлар ва сектор раҳбарларининг асосий вазифаси ва зиммасига олган мажбурияти – янги иш ўринлари яратиб, эҳтиёжманд оилаларни “темир дафтар”дан чиқариш борасидаги ишлар натижадорлиги кўриб чиқилмоқда.
Масалан, Сирдарё вилоятида 10 ойда 12 мингта доимий иш ўрни ташкил этилган. Натижада “темир дафтар”га киритилган ишсиз фуқароларнинг қарийб 90 фоизи бандлиги таъминланган.
Худди шундай, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Китоб тумани, Навоий вилоятининг Қизилтепа, Учқудуқ, Навбаҳор туманлари ва Зарафшон шаҳрида кўп иш ўрни яратилгани қайд этилди. Шу билан бирга, бу борада аҳвол қониқарсиз бўлган туманлардаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.
“Ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришнинг катта ресурслари бор. Фақат уни ишга солиш керак. Ҳудуд раҳбарлари ҳар куни бу ҳақда ўйлаши ва изланиши лозим”, дейди давлат раҳбари.
Мазкур йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 4 триллион сўм ажратиш белгиланган эди. Лекин йил давомида қўшимча маблағлар ҳам йўналтирилган, аҳоли ва тадбиркорларга жами 5,2 триллион сўм имтиёзли кредитлар берилган.
Йиғилишда ушбу маблағларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди. Мисол учун, Шовот туманида 26 миллиард сўм оилавий кредит ажратилиб, бир ярим мингта иш жойи яратилган. Яъни, 1 миллиард сўм кредитга 56 та янги иш ўрни тўғри келган.
Бу кўрсаткич Қўшработда 57 та, Музработда 49 тани ташкил этган.
LiveБарчаси