Президент тадбиркорлардан энг кўп мурожаат келиб тушган муаммони ечишга киришди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 сентябрь куни транспорт соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан соҳадаги ишлар натижадорлиги таҳлил қилинганда, бир қатор муаммолар аниқланган.

Масалан, охирги уч йилда мамлакат иқтисодиёти 16 фоиз ўсгани ҳолда, темир йўлда юк айланмаси атиги 7 фоиз ошган. Авиацияда рақобат муҳити тўла шаклланмаган, 10 та аэропортнинг самарадорлиги паст даражада. Оқибатда, рақобатдош нархларда етказиб бериш қулайлиги бўйича Халқаро логистика самарадорлиги индексида мамлакатимиз 160 та давлат ичида 120-ўринни эгаллаган.

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда ҳам бу соҳа бўйича кўплаб мурожаатлар бўлган.

Йиғилишда транспорт тизимидаги муаммоларни ҳал этиш ва аниқ натижаларга эришиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.

“Бу соҳа – иқтисодиётнинг қон томири. Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда учта йўналиш – темир йўл транзити имкониятини кескин ошириш, авиацияни қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатадиган соҳага айлантириш, халқаро транзит юклари учун замонавий автомобиль йуллари тармоғини кенгайтириш бўйича чоралар белгиланган.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги таркибида транспорт соҳаси бўйича алоҳида гуруҳ тузиб, асосланган таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Давлат раҳбари энг асосийси халққа енгилликлар яратиш эканини алоҳида таъкидлаган.

Темир йўл саноат ва тадбиркорликни ривожлантиришда катта ўрин тутиши қайд этилиб, бу тизимнинг қувватини ошириш бўйича кўрсатмалар берилган. Хусусан, замонавий электр поездлар олиб келиш, вагонларни таъмирлаш, носоҳавий активларни чиқариш орқали тизимни молиявий соғломлаштириш зарур.

Авиация соҳасида ҳам қулайликларни кўпайтириш, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятлари аэропортларини ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириб, хизматлар сифатини яхшилаш керак.

Президент автомобиль йўлларининг сифати ва салоҳиятига алоҳида тўхталган. Маълумки, бу соҳада лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда назорат функциялари битта ташкилотда жамланган. Бунинг оқибатида кўп йўлларда сифат йўқ. Шу боис йўл қурилишида илғор стандартларни жорий этиш, лаборатор ишларни кучайтириш, пудратчилар масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берилган.

Транспорт инфратузилмасини кенгайтириш ва соҳани рақамлаштиришга қаратилган кўплаб вазифалари белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

323

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made