Президент Сурхондарёдаги тошкўмир бўйича майдонларни хусусий секторга беришга кўрсатма берди
Жамият
−
01 Август 2023
6552Бугун, 1 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фойдали қазилмалар захираси ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда геология соҳасига катта эътибор қаратилиб, замонавий технологиялар жорий қилингани натижасида ерости бойликларини аниқлаш кўлами кенгайган. Уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларига хорижий инвестициялар кириб келаётгани таъкидланган.
Хусусан, сўнгги олти йилда каолинни қайта ишлаш бўйича 148 миллион долларлик 15 та янги лойиҳалар ишга тушгани, натижада тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробар кўпайиб, экспорт 65 миллион долларга етгани, шу даврда кўмир қазиб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошиб, 5,4 миллион тоннага етгани қайд этилган.
Тақдимотда шу соҳадаги, жумладан, кўмир, каолин ва уран ҳажмини оширишга қаратилган режалар ҳақида ахборот берилган. Шунингдек, бу йил 6,7 миллион тонна кўмир қазиб олиш режа қилингани билдирилган.
Айтилишича, каолин бўйича қиймати 620 миллион долларлик 33 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига жорий йилда экспортни 81 миллион долларга, 2030 йилга бориб 180 миллион долларга етказиш мўлжалланган.
Шунингдек, уран захирасини ўстириш бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорликда геология-қидирув ишлари давом эттирилиши қайд этилган.
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бу йўналишларда натижадорликни янада ошириш имкониятларини кўрсатиб ўтган. Мавжуд хомашё базаси, ноёб технологиялар ва кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиб, маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, Сурхондарёдаги тошкўмир бўйича 5 та истиқболли майдонни хусусий секторга бериб, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, Ангренда қазиб олинадиган кўмир сифатини яхшилаш ва саралаш технологияларини жорий этиш бўйича кўрсатма берилган.
Янги каолин конларини топиш ва оқ каолин захирасини 200 миллион тоннага етказиш, уни қайта ишлаш лойиҳаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланган.
Гидротермал ва қора сланецли уран конларини ўзлаштиришга хорижий инвесторлар жалб қилиниши белгиланган.