Президент совғаси сифатида берилган уйга сохта кадастр ҳужжати ясаган шахслар ушланди
3-саҳифа
−
29 Январь 2021
11906Тошкент шаҳрида уй-жой учун қалбаки кадастр ҳужжати тайёрлаган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Жорий йилнинг 23 январь куни ИИВга фуқаро Г.Н. ариза билан мурожаат қилган. Аризада кўрсатилишича пул зарурлиги туфайли у "Тохир" ва "Гулмира" исмли шахслардан 10 000 АҚШ доллари қарздор бўлиб қолади. Бироз вақт ўтгач улар берган қарзларини фоизи билан 17 300 АҚШ доллари қилиб қайтариб беришини талаб қилишади.
Фуқаро Г.Н. бунча пул тополмагач, "Тохир" ва "Гулмира" унга яшаш хонадонини сотиб, пулларни беришини талаб қилган.
У эса ушбу хонадон уларга кўп болали оила бўлишганлиги учун Президент совғаси сифатида берилганлигини, уйнинг кадастр ҳужжатлари ҳали расмийлаштирилмаганлигини айтган.
ИИВ хабарига кўра, бундан фойдаланган "Тохир" ва "Гулмира" фирибгарлик йўли билан мўмай даромадни қўлга киритиш мақсадида тил бириктириб, унга уй учун кадастр ҳужжатини тайёрлаб беришларини айтишади.
Сўнгра уйнинг кадастр ҳужжатини 10 000 АҚШ доллари эвазига Миробод тумани ҳокимиятидаги танишлари орқали расмийлаштиришганлигини айтиб, ушбу пулларни ҳам қўшиб, жами 27 300 АҚШ долларини беришини талаб қиладилар.
Мазкур аризага асосан, шу куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаролар У.Т. ва А.Г.лар Яккасарой тумани, Ш.Руставели кўчасидаги "Ялпиз" номли кафеда ариза муаллифи Г.Н.дан 27 300 АҚШ долларини олиб, унга сохта кадастр ҳужжатини бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Кўрилган чоралар натижасида У.Т. ушбу қалбаки ҳужжатни ўзига тегишли ноутбукда ясаганлиги аниқланиб, ноутбук ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Яккасарой тумани бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 28,211-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси