Президент шакар, буғдой ва ёғ нархи бўйича топшириқ берди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш, буғдой, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи тадбиркорларга кўмаклашиш орқали аҳоли талабини қондириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент бугун, 23 март куни иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда сўз очган.

“Коронавирус пандемияси пайтида ҳамма соҳаларни оғир шароитдан олиб чиқиш бўйича қарорлар қабул қилганимиз ўз натижасини берди. Ҳозирги вазиятда ҳам хавф-хатарларни олдиндан кўра билишимиз керак. Дунёда бўлаётган воқеалар натижаларга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишимиз зарур. Айниқса, тадбиркорларга енгиллик яратиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак”, дейди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевга кўра, тармоқ ва ҳудудларда кунлик мониторинг ўрнатиб, юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўриш керак. Тадбиркорлик субъектларига айланма маблағаларини тўлдириши учун револьвер кредит бериш тизимини янада соддалаштириш зарур.

Маълумки, бугунги кунда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда муаммолар кузатилмоқда ҳамда уларнинг нархи сезиларли ошяпти. Шу боис, давлат раҳбари Вазирлар Маҳкамасига ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш, буғдой, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи тадбиркорларга кўмаклашиш орқали аҳоли талабини қондириш бўйича қўшимча топшириқлар берди. Шунингдек, инфляция даражасини камайтириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларга тезроқ қайтишини таъминлаш Ҳукуматнинг асосий вазифаси экани яна бир бор қайд этилди.

Марказий банкка ташқи валюта бозоридаги ноаниқ вазиятни инобатга олган ҳолда, ички валюта бозори барқарорлиги ва алмашув курси мослашувчанлигини таъминлашда эҳтиёткорона ёндашувни қўллаб бориш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда ички валюта бозоридаги ҳолатни кунлик кузатиб, тадбиркорларни, умуман, халқни жорий вазият, кутилаётган ўзгаришлар ва кўрилаётган чоралар ҳақида хабардор қилиш кераклиги таъкидланди.

Президент экспорт масаласига ҳам тўхталиб, экспортчи корхоналарнинг транспорт-логистика масалаларини ҳал қилиб бориш, уларнинг транспорт харажатларини қисман қоплаш амалиётини кенгайтириш бўйича кўрсатма берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

788

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг