Менга Пахтачи номли туман ёқмайди – Президент
Жамият
−
16 Апрель 2021
10890Аввал хабар берганимиздек, бугун, 16 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари, соҳалар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди.
Самарқанд вилояти фаоллар йиғилишида Пахтачи туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича туман ҳокимининг ҳисоботи, таклифлари эшитилди.
Шунингдек, туман фаолларининг аҳолини қийнаб келаётган муаммоларига оид мурожаат, таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Йиғилишда Пахтачи туманини ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги, аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун яна қандай ёрдам керак бўлса, берилиши таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев туман номи – Пахтачининг маъносига алоҳида тўхталиб, ҳудуд тарихидан келиб чиқиб туман номини ўзгартиришни таклиф қилди.
"Менга Пахтачи номли туман ёқмайди. Нимага у Пахтачи бўлиши керак? Бунинг тарихи йўқми? Кармана ва бошқа туманларнинг ўз тарихи бор. Пахтачи туманининг номини тарихчилар туман тарихини ўрганиб, келажакда шошилмасдан фурсатдан фойдаланиб номини ҳам ўзимизга муносиб қилиб қўяйлик. Пахтачи деган ном, масалан, менга ёқмайди. Нима биз Пахтачи бўлиб ўтиб кетаверамизми?", деди Шавкат Мирзиёев.