Президент Олмазордаги замонавий шифохона билан танишди (фоторепортаж)

Жамият 4397
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 июнь Олмазор туманидаги “NANO Medical Clinic” кўп тармоқли шифохона фаолияти билан танишди. 

Бу замонавий клиника мамлакатда хусусий тиббиётни ривожлантириш бўйича яратилган тизим натижаларидан бири. Ўтган йили декабрда ишга туширилган терапевтик бинода маслаҳат поликлиникаси, 35 ўринли стационар, ядро тиббиёти, гемодиализ ва терапия бўлимлари, лаборатория жойлашган. Ушбу комплекс чет эл лойиҳаси асосида барпо этилган.

Давлат раҳбари бу қурилиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир метр ердан оқилона фойдаланиб, ҳамма жиҳатлар ҳисобга олингани, бошқа объектларни лойиҳалаштиришда буни ўрганиш кераклигини таъкидлади.

Клиникада эндокринология, неврология, кардиология, офтальмология, урология, оториноларингология, ультратовуш ташхиси, терапия, физиотерапия бўйича консерватив даволаш йўлга қўйилган. Шифо маскани рақамли рентген, компьютер томографияси, суяк денситометри, юрак дефибриллятори каби илғор диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда 15 нафар олий тоифали шифокор фаолият олиб бормоқда. 

Муҳим жиҳати, клиникада радионуклид текширувига асосланган ядро тиббиёти ва интервенцион радиология жорий қилинган. Бу турли эндокрин ва онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашда катта самара беради. Ушбу йўналишлар Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) назоратида ташкил этилган. Бундан ташқари, Германия, Туркия, Россиядаги етакчи тиббий марказлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Клиникада суяк тўқимасининг минерал зичлигини аниқлашнинг диагностик усули ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда.

Бугунги кунда лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида уч қаватли жарроҳлик биноси қурилмоқда. Бу аҳолига жаҳон стандартлари даражасида тиббий хизмат кўрсатиш ва яна 60 та янги иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

Шу ерда давлат раҳбарига хусусий тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда ўша йил 29 декабрдаги "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги қарорлари бу борадаги имкониятларни кенгайтирди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 135
Рейтинг: 3.1
t
×