Президент нефт нархи ва коронавирус ортидан келадиган иқтисодий йўқотишларга тўхталди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Президент ўз мурожаатида коронавирус дунё иқтисодиётига қандай салбий таъсирлар кўрсатаётганига ҳам тўхталиб ўтди ва бу Ўзбекистонни четлаб ўтмаслигини маълум қилди.

“Коронавирус пандемиясининг бутун дунё мамлакатлари қатори бизнинг ҳам иқтисодиётимизга салбий таъсири бўлиши табиий.

Сўнгги икки ҳафтада жаҳон бозорида нефтнинг нархи (бир баррель 60 доллардан қарийб 30 долларга) кескин пасайиб кетгани оқибатида газ экспортимиз тушумлари қисқариши мумкин.

Хориждаги асосий савдо ҳамкорларимизнинг миллий валюталари қадрсизланиши республикамизга ҳам, албатта, валюта тушумини камайтиради.

Хорижий туристлар сони ва тушум миқдори камайиши мумкин. Булар, табиийки, ялпи ички маҳсулот ва экспорт ҳажмига таъсир қилмасдан қолмайди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодига таъсирини камайтириш учун махсус ишчи гуруҳ тузишга топшириқ бергани ва улар “синиши” мумкин бўлган соҳаларга ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

“Менинг топшириғимга мувофиқ, Махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда.

Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириши зарур”, дея қайд этди Президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу жараёнда, аввало, молия ва хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик лозим.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 март куни Brent маркали нефть нархи 27,62 долларга, WTI нефти 25,95 долларгача пасайди.Бунинг ортидан Ўзбекистоннинг иқтисодий шериклари Россия ва қозоғистонда миллий валюталар сезиларли қадрсизланди. Хусусан, бир доллар 79,77 рублга, бир евро 87,5 рублга баҳоланди. Қозоғистонда бир доллар 442 тенгега, бир евро 483,17 тенгега баҳоланди. Нефть нархининг пасайши жаҳон фонд бозорларидаг пасайиш билан параллел юз берди.


Мақола муаллифи

Теглар

нефть коронавирус

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг