Президент Ломбардия вилояти губернаторини қабул қилди

Жамият 885
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 ноябрь куни Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш, жумладан, Италия ва Европа Иттифоқининг етакчи индустриал, интеллектуал ва маданий марказларидан бири бўлмиш Ломбардия билан амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболлари кўриб чиқилди.

Фаол ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро алмашинувларни йўлга қўйиш, Италиянинг компания ва ташкилотлари билан савдо, инвестициялар, саноат технологиялари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Ломбардиянинг таниқли университетлари билан юқори малакали, аввало, муҳандислик ихтисосликлари бўйича мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Олий даражадаги икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида мамлакатимиз ва Италиянинг ушбу ҳудуди ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилишга келишиб олинди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3
t
×
×