Президент кўргазмага борди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 ноябрь куни “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ўтаётган Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси билан танишди. 

Давлат раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбир 18 ноябрь куни бошланган эди. Унда мингга яқин корхоналар, компания ва фирмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари 10 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан қатнашмоқда.  

Иштирокчилар саноат корхоналарининг эспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари, уларнинг сифат ва техник кўрсаткичлари, улгуржи ва чакана нархлари, корхоналарнинг мавжуд қувватлари каби маълумотлар билан танишмоқда. Бу маҳаллий ва хорижий бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўрганиш, уларни ишлаб чиқариш ва сотиб олиш бўйича ҳамкорлар топиш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб этишда муҳим омил бўлмоқда. 

Президент ярмаркада намойиш этилаётган маҳсулотлар билан танишди. Уларнинг харидоргирлиги, локализация даражаси билан қизиқди. Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, импорт бўлаётган деталлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш, сифатни таъминлаш орқали харидор орттириш зарурлигини таъкидлади.

“Ишлаб чиқарувчи қачон ривожланади? Маҳсулотининг эгаси бўлса. Бу ярмаркага келган ҳар бир корхона ва тадбиркор натижага эришиши, оддий гайкадан тортиб катта машиналаргача харидорини топиши керак. Уни иштирокчилар рози бўлгунча давом эттириш лозим”, дейди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевга Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида ташкил этилган электрон кооперация биржаси – www.cooperation.uz портали ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Мазкур портал орқали ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларига харидор топиши, уларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиши мумкин. Портал статистика, божхона, солиқ, сертификатлаштириш идоралари маълумотлар базасига уланган. 

Саноат корхоналари ва буюртмачилар ўртасидаги шартномалар “онлайн” тарзда расмийлаштирилмоқда. Халқаро савдо марказида тармоқлар, ҳудудлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш салоҳияти, кооперацияга талаб ва эҳтиёжи бўйича тақдимотлари ўтказилмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг