Президент кексалар, кам таъминланганлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берди
Жамият
−
30 Март 2020
11896Бугун, 30 март куни Президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси юзасидан ахборот берилди.
Лойиҳа давлат раҳбарининг топшириғига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Ҳужжат пандемиянинг мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган навбатдаги имтиёзлар, преференциялар ва бошқа муҳим чора-тадбирларни назарда тутади.
Президент фармон лойиҳасига ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари камайиб кетишининг олдини олиш, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари тақдим этиш каби бир қатор аниқ чораларни киритиш зарурлиги ҳақида масъулларга топшириқ берди.
Фармон лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь