“Таълим дастурлари ҳаёт талабига жавоб бермайди”. Президент касб-ҳунарга ўқитиш тизимини танқид қилди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 4 октябрь куни профессионал таълим сифатини ошириш ҳамда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги ташаббуслар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, ўқувчиларга бир вақтда ҳам ўқиш, ҳам ишлаб даромад топиш имконини берадиган “дуал таълим” шакли жорий этилди. Бу тизим самарасида 2 минг корхона билан биргаликда 6 минг йигит-қиз ўқитилмоқда.

Шунингдек, ёшларга 9-синфдан кейин касб-ҳунар мактаби, 11-синфдан эса коллеж ва техникумда турли мутахассисликлар ўргатилмоқда.

Иқтисодиётни ривожлантиришда профессионал таълим алоҳида ўрин тутади. Хусусан, тараққий этган давлатларда ўқувчиларнинг 75 фоизигача касбий таълим билан қамраб олинган. Ўзбекистонда ҳам бу соҳа меҳнат бозори талаблари асосида ривожлантириб келинмоқда. 

Ўрта бўғин мутахассислари, асосан, икки йўналишда – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қарашли мономарказларда тайёрланмоқда.

Бугунги кунда 689 та профессионал таълим муассасасида 714 та касб ва мутахассислик ҳамда 20 та “Ишга марҳамат” мономарказида аҳолига 54 та касб ва 6 та хорижий тил ўргатилмоқда.

"Соҳада муайян бўшлиқлар бор. Айрим таълим дастурлари ҳаёт талаби билан боғланмаган. Профессионал таълим мактаб ўқувчиларини ўзига жалб қила олмаётгани оқибатида мавжуд қувватлар тўла ишлатилмаяпти", деган тақдимотда Мирзиёев. 

Шу билан бирга, Президент мономарказлар ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаётгани ва битирувчиларга малака разряди бериш жорий этилмагани сабабли улар қўшимча имтиҳон топшираётганини таъкидлаган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан профессионал таълим ўртасида ҳамкорлик йўқлиги ҳамда чет тилларини ўргатиш ва тасдиқловчи ҳужжат бериш бўйича ишлар етарли эмаслиги танқид остига олинган.

Хабарда келтирилишича, ушбу камчиликларни бартараф этиб, касбга ўқитиш сифатини ошириш мақсадида тегишли вазирликлар томонидан янги таклифлар ишлаб чиқилган. Тақдимотда мутасаддилар шу борада давлат раҳбарига атрофлича ахборот берган.

Мазкур таклифларда хорижий таълим дастурларини жорий этиш, битирувчилар малакасининг ички ва ташқи бозорда тан олинишини таъминлаш, ўқувчиларни коллеж ва техникумларга кенгроқ жалб этиш, мономарказларда касбга ўқитиш сифатини яхшилаш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ушбу таклифларни такомиллаштириш бўйича масъулларга қўшимча топшириқлар берган. Аҳоли бандлиги энг муҳим масала экани, ёшларга касб-ҳунарларни туманлар ихтисослашувидан ҳамда корхоналар эҳтиёжидан келиб чиқиб, аниқ йўналишлар бўйича ўргатиш кераклиги таъкидланган.

Касблар ва профессионал таълим классификаторларини босқичма-босқич янгилаб, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, профессионал таълим муассасаларини мактаб ва олий ўқув юртлари билан узвий боғлаш муҳимлиги айтилган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги барча касб-ҳунар таълими муассасаларини яхлит тизим сифатида мувофиқлаштириши белгиланган.

Унга кўра, келгуси ўқув йилидан ҳар бир вилоятда дунё тан олган дастур асосида касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилади. Уларнинг битирувчилари халқаро малака ва хорижий тил сертификатига эга бўлади. Шунингдек, илғор касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш мезонлари татбиқ этилади.

Мономарказларда касблар иш берувчиларнинг буюртмаси асосида ўқитилади, бу битирувчиларнинг ишга жойлашишида муҳим омил бўлади.

Мутасаддиларга профессионал таълим тизимини ривожлантиришнинг йилма-йил дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев таълим касб-ҳунарга ўқитиш дуал таълим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг