Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича куч тузилмаларининг ҳаракатларини текширишни буюрди

Жамият 8157
image
-

Қорақалпоғистондаги воқеалар ортида хорижий кучлар турибди. Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни вақтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида гапирди. 

“Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас”, дейди давлат раҳбари.  

Унинг алоҳида қайд этишича, бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган.

“Бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бормоқда.

Бу жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мамлакат Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилиши ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича топшириқ берди. 

Шунингдек, давлат раҳбари куч тузилмаларнинг ҳаракатларини ҳам таҳлил қилиш кераклигини буюрди. 

“Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин", дейди Президент. 

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва АҚШ давлат департаменти Ўзбекистон Ҳукуматини Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича очиқ ва шаффоф тергов ўтказишга, шунингдек хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини текширишга чақирган эди. 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 224
Рейтинг: 2.9
t
×