Президент Қибрайдаги янги боғга кўчат ўтқазди
Жамият
−
01 Май 2021
7054Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюрди.
Дарахтзорлар – юртга чирой берадиган, ҳаёт сифатини оширадиган манбалардан. Шу мақсадда шаҳар ва туманларда янги боғ ва сайилгоҳлар ташкил этилмоқда. Бундай “яшил ҳудудлар” сўнгги йилларда кўплаб қурилишлар бўлиб, тобора ривожланиб бораётган Тошкент шаҳри учун, айниқса, муҳим.
Давлат раҳбари ташаббуси билан пойтахт яқинида улкан манзарали боғ барпо этилмоқда. 25 февраль куни ушбу боғ лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Бугун унга илк кўчатлар экилди.
Шу муносабат билан бу ерга парламент ва ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги, нуронийлар, илм-фан ва санъат вакиллари, спортчилар, ёшлар йиғилди.
"Бугунги муборак Рамазон кунларида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Халқимиз учун муносиб шароитлар яратиш бўйича кўп ишларни бошлаганмиз. Худо хоҳласа, мана шу баҳаво жойда 104 гектарлик боғ барпо этмоқчимиз. Бу хайрли ишнинг бошланиши ҳозирги улуғ айём кунларига тўғри келгани ҳам хосиятли, деб ўйлайман", деди Шавкат Мирзиёев.
Янги боғ нафақат манзараси, ландшафти, балки мазмуни билан ҳам алоҳида эътиборга молик. Боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохи шаклида бўлади. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифодалайди.
Боғни оддий парк эмас, энг аввало, юксак маданият ва маънавият масканига айлантириш мақсад қилинган. Бу ерда одамлар табиат қўйнида осуда дам оладиган сўлим ҳудудлар яратилади. Каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари барпо этилиб, ноёб манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилади. Сунъий кўл, спорт майдонлари, болалар ўйингоҳлари, фавворалар қурилади.
Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади.
Президент бу мажмуанинг тарихий-ғоявий аҳамиятини таъкидлади.
"Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Лекин давлатчилигимиз 3 минг йиллик. Бу ана шу буюк тарихни кўрсатадиган мажмуа бўлади. Бу ерга келган ёшларимиз, чет эллик меҳмонлар ҳам шуни англайдиган далиллар акс эттирилади", деди Президент.
Президент Шавкат Мирзиёев бу боғ Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, улкан салоҳиятини, кўпмиллатли халқнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган мажмуа бўлиши кераклигини таъкидлади. Шуни ҳисобга олиб, бу муҳташам боққа “Янги Ўзбекистон” деб ном беришни таклиф этди. Йиғилганлар бу таклифни қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбари жамоатчилик билан бирга янги боғга кўчатлар ўтқазди.
Аввал хабар қилинганидек, мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилади.