Узоқ йиллик монополиянинг ниҳояси яқинми? “Ўзпахтасаноат” АЖ тугатилади

Жамият

image

Бугун, 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарор қабул қилинди.

Унга кўра, биринчидан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади ва пахта хом ашёси етиштирувчиларга раёнлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Шу билан бирга сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ҳамда босқичма-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерлари зиммасига юклатилади.

Иккинчидан, Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари иштирокида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияси ташкил этилади.

Учинчидан, пахта хом ашёси етиштириш ва қайта ишлашни кредитлашнинг янги механизми жорий этилади. 2020 йил 15 мартдан бошлаб, пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача етиштириладиган пахта умумий қийматининг 50 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 8 фоиз, 60 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10 фоиз ставкадан (шундан банк маржаси 2 фоиз) ошмаган микдорда кредитлар ажратилади.

Тўртинчидан, “Ўзпахтасаноат” AЖни тугатиш чоралари кўрилади. Бунда кооперация ташкил этиладиган ҳудудларда пахта тозалаш заводларидаги “Пахтасаноат” ҳудудий аксиядорлик бирлашмалари акция (улуш) пакетларини белгиланган тартибда кооперацияларга ёки тадбиркорлик субъектларига сотиш назарда тутилган

Шунингдек, “Пахтасаноат” ҳудудий аксиядорлик” бирлашмаларининг пахта тозалаш заводларидаги акция (улуш) пакетлари сотилишига қадар, ушбу заводлар томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатиш назарда тутилади.

Бешинчидан, жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган (индикатив) нархлар эълон қилинишини ҳамда бозорлардаги нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиш амалиёти жорий этилади.

Олтинчидан, пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида еркин сотилади, бунда биржада бошланғич нарх шаклланишида 10 фоиз чегирма қўйиш бекор қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

қарор пахта Ўзпахтасаноат

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг