Президент Ислом цивилизацияси марказига борди

Жамият 4669
image

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига яна бир бор ташриф буюрди. Президентга Бош вазири Абдулла Арипов, Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов ҳамроҳлик қилган. 

Давлат раҳбари асос солган ушбу муассаса ўзбек халқининг бой ўтмишини, илм-маърифат ривожига қўшган катта ҳиссасини намоён этадиган яхлит мажмуа бўлади. 

“Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг юртимиздагидек бой ўтмиш, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам улкан меросимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур”, деган эди Шавкат Мирзиёев бу ерга аввалги ташрифларидан бирида. 

Марказ қурилиши ва фаолияти йўлга қўйилишида ана шу мақсад асосий мезон этиб белгиланди. Қарийб икки гектар майдонда уч қаватли кўркам иморат қад кўтарди. Бинонинг симметрик марказида бежирим шарқона гумбаз, тўрт томонида 34 метрлик пештоқлар қурилди.  

Мазмунан олганда эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди.  

Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади.

Иккинчи қаватдаги улкан фойе марказига Усмон Қуръони жойлаштирилади. Шунингдек, бу ерда Ислом санъати музейи, 435 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади. Кўргазмаларда Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилади. 

Учинчи қаватдан эса 100 минггача қўлёзмалар фондига эга кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва маъмурий хоналар ўрин олади. 

Президент таъкидлаганидек, Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлади. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар илмий тадқиқотлар олиб боради, уларнинг натижалари асосида қомуслар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрланади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчи ва талабалари ушбу масканга келиб, билимини мустаҳкамлайди.

“Бу марказ асрлар давомида халқимизга хизмат қилади, унинг ҳар бир нақши тарихга муҳрланади. Шунинг учун марказнинг безаги, маъно-мазмуни исломий ва илмий жиҳатдан асосланган, чуқур ўйланган бўлиши керак. Одамлар ҳам ўқиб, илм оладиган, ҳам юракдан ҳис қиладиган муҳит яратиш зарур”, дейди давлат раҳбари. Бутун дунёдан диний уламолар, исломшунос ва тарихчи олимлар иштирокида халқаро анжуман ташкил этиб, фикрларини ўрганиш, таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 59
Рейтинг: 3
t
×
×