Президент инвестиция ва экспортга бағишланган йиғилиш ўтказди
Жамият
−
24 Июнь 2021
4672Бугун, 24 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида инвестиция ва экспорт соҳаларидаги ишлар натижадорлиги, йил якунигача амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакатимизда иқтисодиёт ва инфратузилмани ривожлантириш, долзарб лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш мақсадида фаол инвестициявий сиёсат олиб борилмоқда. 2017 йилдан бошлаб барча манбалар ҳисобидан 716 триллион сўм (83 миллиард доллар) ёки олдинги даврга нисбатан 2 баравардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилган. Шундан қарийб 27 миллиард долларини хориждан жалб қилинган маблағлар ташкил этади.
Ўзлаштирилган инвестицияларнинг деярли 65 фоизи саноат ва инфратузилма лойиҳаларига тўғри келади. Натижада, сўнгги 4 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 25 фоиздан 33 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,3 бараварга ўсган.
Ушбу даврда 441 триллион сўмлик 47 мингдан зиёд йирик, ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилиб, 680 мингдан ортиқ доимий янги иш ўринлари яратилган.
Шунингдек, сўнгги 4 йилда маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 100 триллион сўм инвестиция йўналтирилган. Йиғилишда инвестицияларнинг натижадорлиги чуқур таҳлил қилинди.
"Олиб келинган ҳар бир доллар халқимизга, ҳудудлар ва тармоқларга ўзининг ижобий натижасини бериши керак. Агар туманларда вазият ўзгарганда эди, қанча иш ўрни, қанча экспорт бўлган бўларди. Инвестиция ва экспорт билан шуғулланмаган ҳокимларнинг келажаги йўқ", деди Шавкат Мирзиёев.
Таҳлилларга кўра, ажратилган ҳар бир миллиард сўм эвазига Наманганда 12 та, Андижонда 11 та, Навоий ва Сирдарёда 8-9 тадан янги иш ўрни яратилган. Бу кўрсаткич Бухоро, Самарқанд ва Хоразмда 6-7 та, Қашқадарё ва Фарғонада 5 тага тўғри келган. Қорақалпоғистон, Жиззах, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида эса атиги 3-4 тани ташкил этган.
Ёки яна бир таҳлил: Тошкент вилоятига сўнгги 4 йилда йўналтирилган 950 миллион доллар хорижий инвестиция ва банк кредитлари ҳисобига атиги 40 мингта янги иш ўрни яратилган. Яъни бир иш ўрни 24 минг долларга тўғри келмоқда. Ваҳоланки, Наманган вилоятида 2 баравар кам маблағ сарфланиб, 52 мингта иш ўрни очилган.
Шунингдек, 2 мингдан зиёд корхона паст қувватда ишлаётгани, айрим туманларда ишлаб чиқариш ҳажми камайгани қайд этиб ўтилди.
Президент тармоқ ва ҳудуд раҳбарларининг асосий вазифаси инвестициявий фаолликни кучайтириш билан бирга, уларнинг самарадорлигини ошириш бўлиши кераклигини таъкидлади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда саноат бўйича ишга солинмаган имкониятларни аниқлаб, манзилли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Масалан, ҳамма жойда мебелларга талаб, уларни тайёрлашга шароит бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 21 июндаги “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” қарори бу соҳа учун имкониятларни кенгайтирди. Нукус, Андижон, Олтинкўл, Ромитан, Қарши, Кармана, Пастдарғом, Узун, Бағдод, Ўрта Чирчиқ ва Хонқа туманлари, Жиззах, Қарши, Наманган ва Янгиер шаҳарлари мебелсозликка мослаштирилди. Уларда мебелсозликка ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 200 миллион долларлик 450 та лойиҳа жойлаштирилади ва камида 7,5 мингта янги иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, мамлакатдаги 5 мингдан зиёд мебель корхонасидан 1 минг 500 таси хонадонларда жойлашган. Энди уларни саноатлаштириш, маҳсулотларни ва иш ўринларини янада кўпайтириш мумкин.
Бундай ишларни чарм-пойабзал, электр техникаси, тўқимачилик, фармацевтика, заргарлик, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳам амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Жорий йилда чарм-пойабзал саноатида 202 миллион долларлик 112 та лойиҳа, электр техникаси тармоғида 140 миллион долларлик 45 та лойиҳа, фармацевтика йўналишида 146 миллион долларлик 36 та лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Охирги йилларда 11 мингта шундай корхона фаолияти тиклангани айтиб ўтилди.
Жумладан, собиқ “Андижон Маш” корхонаси негизида кичик саноат зонаси ташкил этилиб, 24 та янги корхонада мингдан зиёд иш ўрни яратилди. Тошкент шаҳридаги “Технопарк”, Фарғонадаги “Механика заводи”да ҳам бунга мисол бўла олади.
Шу билан бирга, бугунги кунда бўш турган ва паст қувватларда ишлаётган яна 19 мингта объект бор. Мутасаддиларга уларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, электрон платформасини яратиш, тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам бериш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда умумий қиймати 6 миллиард 500 миллион долларлик 226 та йирик тармоқ ва ҳудудий лойиҳалар ишга туширилиши, 35 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мўлжалланган. Йиғилишда уларнинг ижроси ҳам кўриб чиқилди. Муддатидан кечикаётган лойиҳалар кўрсатиб ўтилиб, уларни ўз вақтида ишга тушириш чоралари белгиланди.
Давлат ташқи қарзи иштирокидаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Тендерлар очиқ-ошкоралигини таъминлаш ва лойиҳаларни мақбуллаштириш орқали маблағларни иқтисод қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Маълумки, тўғридан-тўғри инвестициялар иқтисодиёт ривожида жуда муҳим ўрин тутади. Жорий йилда 756 та лойиҳа доирасида 7 миллиард 700 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган кредитларни ўзлаштириш белгиланган.
Давлат раҳбари бу маблағларни тармоқ лойиҳалари ва ҳудудий лойиҳаларга жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.
Йиғилишда экспорт бўйича прогноз кўрсаткичларининг бажарилиш ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Бу борадаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш, бозор конъюнктураси туфайли юзага келган қолоқликларни бошқа тармоқлар ва қўшимча маҳсулотлар экспорти ҳисобига қоплаш муҳимлиги қайд этилди.
Видеоселекторда Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари сўнгги 4 йилда жалб қилинган инвестициялар самадорлиги ҳамда келгусидаги истиқболли йўналишлар бўйича ахборот берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь