Президент Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Лойиҳа Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган. Сенат томонидан 2020 йил 19 декабрда маъқулланган.

Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

1) 3-модда тўртинчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги “апелляция, кассация ва назорат” деган сўзлар “апелляция ва кассация” деган сўзлар билан алмаштирилди;

2) 5-модда:

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Апелляция ва кассация шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича апелляция ва кассация инстанциялари судлари қарор қабул қилади”;

тўртинчи қисми чиқариб ташланади;

бешинчи – саккизинчи қисмлари тегишинча тўртинчи – еттинчи қисмлар деб ҳисобланади;

3) 16-модда:

иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилади”;

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилади:

“Ишни кассация тартибида такроран кўриш беш нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилади”;

учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисобланади;

4) 19-модда:

биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларидаги «ёхуд назорат тартибида» деган сўзлар чиқариб ташланади;

тўртинчи қисмидаги “назорат тартибида” деган сўзлар “ушбу Кодекснинг 3051-моддасига мувофиқ мазкур ишни кассация инстанцияси судида такроран” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

бешинчи ва олтинчи қисмлари чиқариб ташлансин;

5) 25-модда:

биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 51 ва 52-бандлар билан тўлдирилади:

“51) ушбу Кодекснинг 301-моддасида кўрсатилган инвестициявий низолар бўйича ишлар;

52) ушбу Кодекснинг 302-моддасида кўрсатилган рақобатга оид ишлар”;
еттинчи қисмидаги “5-бандида” деган сўзлар “5 ва 51-бандларида” деган сўзлар билан алмаштирилади;
6) 1-параграф қуйидаги мазмундаги 301 ва 302-моддалар билан тўлдирилади:

“301-модда. Инвестициявий низолар бўйича ишлар

Инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига қуйидагилар киради:
1) инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар; 
2) инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар;
3) инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар; 
4) инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар; 
5) инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш
ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар.

302-модда. Рақобатга оид ишлар

Юридик шахслар, шу жумладан чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши орган ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига киради”;

7) 32-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Судга тааллуқли ишлар туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан кўрилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судловига тегишли ишлар мустасно.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари:

тарафлардан бири Ўзбекистон Республикаси норезиденти – чет эл шахси бўлган ишларни;

чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўради.

Давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўз иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.

Инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади”;

8) 34-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилади:

“Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тақдим этилиши мумкин.

Йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар, шунингдек товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкин”;

9) 49-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига даъво аризасини (аризани) – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча иқтисодий судларига даъво аризаси (ариза) тақдим этишга ҳақли.

Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.

Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно.

Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади”;

10) 115-модданинг учинчи қисмидаги «апелляция, кассация
ёки назорат» деган сўзлар «апелляция ёки кассация» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

11) 118-модданинг тўққизинчи қисмидаги “апелляция, кассация, назорат” деган сўзлар “апелляция, кассация” деган сўзлар билан алмаштирилади;

12) 133-модда:

еттинчи қисмидаги “Апелляция, кассация ёки назорат” деган сўзлар “Апелляция ёки кассация” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

тўққизинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги суд ҳужжати устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин”;

13) 151-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Инвестициявий низолар бўйича даъво аризасига инвестиция шартномасининг қўчирма нусхаси, йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризасига эса унинг йирик инвесторлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилинади”;

14) 166-модданинг тўртинчи қисмидаги “апелляция, кассация ва назорат” деган сўзлар “апелляция ва кассация” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

15) 249-моддадаги “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар 
ва Тошкент шаҳар иқтисодий судига” деган сўзлар “Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

16) 259-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақлидир.

Прокурор, юқори турувчи прокурор фақат прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Суднинг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин”;

17) 260-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“260-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқувчи суд 

Апелляция шикоятлари (протестлари):

тегишли туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда – Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади”;

18) 262-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган апелляция шикоятини бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади”;

19) 265-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Апелляция протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция протестининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини
ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича тарафнинг мурожаати кўчирма нусхаси илова қилинади”;

20) 269-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 11-банд билан тўлдирилсин:

“11) апелляция шикоятининг (протестининг) шакли ва мазмуни ушбу Кодекснинг 263-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса
ёки апелляция шикоятига ушбу Кодекс 265-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар ёхуд прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича келтирилган протестга тарафнинг мурожаати кўчирма нусхаси илова қилинмаган бўлса”;

21) 272-модданинг учинчи қисмидаги “назорат тартибида” деган сўзлар “кассация тартибида” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

22) 273-модда:

биринчи қисмининг 4-бандидаги “ва воз кечиш апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинган” деган сўзлар чиқариб ташлансин;

тўртинчи қисмидаги “назорат тартибида” деган сўзлар “кассация тартибида” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

23) 274-модда:

тўртинчи қисмидаги “бундан жамият ёки давлат манфаатларини кўзлаб қўзғатилган ишлар бўйича прокурорнинг келмаганлиги мустасно” деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги бешинчи – ўн учинчи қисмлар билан тўлдирилади:

“Апелляция инстанцияси судида ишни кўриш раислик қилувчининг ёки судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади.

Маърузачи ишнинг ҳолатларини, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг мазмунини, апелляция шикояти (протести) важларини
ва унинг юзасидан берилган ёзма фикрни баён қилади.

Суд маърузадан кейин суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитади, улар апелляция шикоятида (протестида) кўрсатилмаган важларни келтиришга ва қўшимча материаллар тақдим этишга ҳам ҳақли.

Дастлаб апелляция шикояти берган шахс ёки унинг вакили ёхуд, агар иш протест бўйича кўрилаётган бўлса, прокурор сўзга чиқади. Ҳал қилув қарори устидан ҳар иккала тараф томонидан шикоят берилган бўлса, биринчи бўлиб даъвогар сўзга чиқади.

Ушбу Кодекснинг 50-моддасида назарда тутилган тартибда ишда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа шахслар, агар улар суднинг қарори устидан шикоят бермаган бўлса, тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилганидан сўнг апелляция инстанцияси суди қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.

Суд муҳокамаси тугаганидан кейин қабул қилинган қарорнинг хулоса қисми эълон қилинади ва у ишга қўшиб қўйилади.

Қарор беш кун ичида тўлиқ ҳажмда тузилади ва имзоланади.

Раислик қилувчи қарорнинг хулоса қисми эълон қилинганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларга қарорнинг тўлиқ ҳажмда тузилиши
ва уларга юборилиши муддатини, шунингдек қарор устидан шикоят қилиш тартибини тушунтиради”;

24) 275-модда:

иккинчи қисми чиқариб ташланади;

учинчи қисми иккинчи қисм деб ҳисобланади;

25) 277-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Алоҳида ҳолларда апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан
бир ойга узайтирилиши мумкин”; 
26) 279-модда тўртинчи қисмининг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“5) ҳал қилув қарорининг судья томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судья томонидан имзоланганлиги”;

27) 281-модда учинчи қисмининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“3) даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга
ва даъво аризасини, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли”;

28) 282-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли.

Прокурор, юқори турувчи прокурор биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори
ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан, агар иш бўйича прокурор иштирок этган бўлса, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда, кассация протести келтиришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақлидир, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан тўлиқ ёки қисман кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин”;

29) 283-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“283-модда. Кассация шикоятини (протестини) кўрадиган суд

Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади”;

30) 284-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилади”;

31) 285-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин”;

32) 286-модда биринчи қисмининг 3 ва 4-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини, қарорни қабул қилган суднинг номи;

4) ишнинг рақами, ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинган сана, низо предмети”;

33) 288-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Кассация протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация протести ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича тарафнинг мурожаати кўчирма нусхаси илова қилинади.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш ва апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган кассация шикоятига (протестига) қайтарилган шикоят (протест) ва уни судга тақдим этишда унга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак”;

34) қуйидаги мазмундаги 2881-модда билан тўлдирилади:

“2881-модда. Ишни талаб қилиб олиш

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикояти (протести) бўйича тегишли иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорлари ушбу Кодекснинг 282-моддасида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда, кассация протести киритиш масаласини ҳал этиш учун тегишли иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли”;

35) 289-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“289-модда. Кассация шикоятини (протестини) ўрганиш

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикоятини (протестини) беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ўрганади.

Кассация шикоятини (протестини) ўрганиш натижалари бўйича судья қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

1) кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш 
ва ишни талаб қилиб олиш тўғрисида;

2) кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш ҳақида;

3) кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисида.

Кассация шикоятини (протестини) ўрганиш натижаларига доир ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади”;

36) 290-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Кассация шикоятини (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоятни (протестни) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

4) устидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) суд ҳужжатлари;

5) тегишли суддан ишни талаб қилиб олиш тўғрисидаги хулоса”;

37) 291-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) кассация шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) кассация шикояти (протести) қонуний кучга кирмаган ёки қонунчиликка мувофиқ кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган ёхуд апелляция тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш рад этилган бўлса;

5) кассация шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим мавжуд бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни
рад этиш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини)
иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади”;

38) 292-модданинг:

биринчи қисми:

биринчи хатбошисидаги «кассация инстанцияси суди» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси» деган сўзлар билан алмаштирилади;

2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“2) кассация шикоятининг (протестининг) шаклига ва мазмунига нисбатан ушбу Кодекснинг 286-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ёки кассация шикоятига (протестига) ушбу Кодекс 288-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар ёхуд прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича протестга тарафларнинг мурожаати кўчирма нусхаси илова қилинмаган бўлса”;

тўртинчи қисми чиқариб ташланади;

бешинчи ва олтинчи қисмлари тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисобланади;

39) 294-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“294-модда. Суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиб туриш

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси суди (судья) биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг, апелляция инстанцияси суди қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Судья суд ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатади”;

40) қуйидаги мазмундаги 2941-модда билан тўлдирилади:

“2941-модда. Кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш ва ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш

Кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги масала иш судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.

Кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги ажримда суд мажлисини ўтказиш вақти
ва жойи кўрсатилади.

Кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади”;

41) 295-модда:

учинчи қисми чиқариб ташланади;

тўртинчи қисми учинчи қисм деб ҳисобланади;

42) 296-модда:

биринчи қисмининг:

1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“1) кассация шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилмаган ёки ушбу Кодексга мувофиқ кассация тартибида шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса”;

4-бандидаги «ва воз кечиш кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилинган» деган сўзлар чиқариб ташланади;

тўртинчи қисми чиқариб ташланади;

бешинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисобланади;

43) 297-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Кассация инстанцияси суди ишни суд мажлисида кўради.

Кассация шикояти (протести) бўйича биринчи суд мажлиси кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилиши керак.

Кассация инстанцияси судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги; даъвонинг предметини ёки асосини, даъво талабларининг миқдорини ўзгартириш ҳақидаги; қарши даъво тақдим этиш тўғрисидаги; ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш ҳақидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди.

Кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.

Кассация инстанцияси судида ишни кўриш раислик қилувчининг
ёки судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади.

Маърузачи ишнинг ҳолатларини, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг, апелляция инстанцияси суди қарорининг мазмунини, кассация шикояти (протести) важларини ва унга доир келиб тушган ёзма фикрни баён қилади. Шундан сўнг суд суд мажлисида ҳозир бўлган ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитади, улар кассация шикоятида (протестида) кўрсатилмаган важларни келтиришга ва қўшимча далиллар тақдим этишга ҳам ҳақли.

Дастлаб кассация шикояти берган шахс ёки унинг вакили ёхуд, агар иш протест бўйича кўрилаётган бўлса, прокурор сўзга чиқади. Ҳал қилув қарори устидан ҳар иккала тараф томонидан шикоят берилган бўлса, биринчи бўлиб даъвогар сўзга чиқади.

Ушбу Кодекснинг 50-моддасида назарда тутилган тартибда ишда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа шахслар, агар улар ҳал қилув қарори устидан шикоят бермаган бўлса, тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилганидан сўнг кассация инстанцияси суди қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.

Суд муҳокамаси тугаганидан кейин қабул қилинган қарорнинг хулоса қисми эълон қилинади ва у ишга қўшиб қўйилади.

Қарор беш кун ичида тўлиқ ҳажмда тузилади ва имзоланади.

Раислик қилувчи қарорнинг хулоса қисми эълон қилинганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларга қарорнинг тўлиқ ҳажмда тузилиши ва уларга юборилиши муддатини тушунтиради”;

44) 298-модданинг:

иккинчи қисми чиқариб ташланади;

учинчи қисми иккинчи қисм деб ҳисобланади;

иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Протест келтирган шахс ёки юқори турувчи мансабдор шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжат чиқарилгунига қадар протестни чақириб олишга ҳақли”;

45) 299-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Суд ишни кассация тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.

Кассация инстанцияси суди янги далилларни текширишга ва янги фактларни аниқлашга ҳақли эмас”;

46) 300-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Кассация шикояти (протести) у суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинланган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Алоҳида ҳолларда кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин”;

47) 301-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича:

1) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга
ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга;

3) ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга;

4) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга;

5) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга
ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

6) айрим суд ҳужжатларини бекор қилиш ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга ҳақли”;

48) 302-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“302-модда. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;

4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.

Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидагилардан иборат:

1) қўлланилиши лозим бўлган қонун ҳужжатининг қўлланилмаганлиги;

2) қўлланилиши мумкин бўлмаган қонун ҳужжатининг қўлланилганлиги;

3) қонун ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги.

Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция суднинг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) суд томонидан ишнинг қонунга хилоф таркибда кўрилганлиги;

2) ишнинг суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир ишда иштирок этувчи шахс йўқлигида кўрилганлиги;

3) суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоидалар ишни кўриш чоғида бузилганлиги;

4) ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ
ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги;

5) ҳал қилув қарорининг, қарорнинг судья ёки, агар иш судьялар ҳайъати таркибида кўрилган бўлса, судьяларнинг бири томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида, қарорда кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги;

6) ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги, унинг имзоланмаганлиги ёки ушбу Кодекс 202-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланганлиги ёхуд, агар суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилган бўлса, аудио- 
ва видеоёзувнинг электрон ёки бошқа манбалари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаганлиги;

7) билдирилган талаб бўйича суд ҳал қилув қарори қабул қилмаганлиги;

8) судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоиданинг бузилганлиги.

Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини, агар тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан тасдиқланган бўлса, бекор қилади”;

49) 303-модданинг:

иккинчи қисми:

6, 7-бандлари “ҳал қилув қарори” деган сўзлардан кейин «қарор» деган сўз билан тўлдирилсин;

8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“8) кассация шикоятида (протестида) келтирилган ҳал қилув қарорининг, қарорнинг қонунийлигини ва асослантирилганлигини текшириш тўғрисида талаб билдирилишига доир асослар”;

12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“12) агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, апелляция инстанцияси судининг қарори тўлиқ ёки қисман бекор қилинган бўлса, унинг хулосаларига кассация инстанцияси суди қўшилмаганлигининг сабаблари”;

тўртинчи қисмидаги “Суднинг ҳал қилув қарори” деган сўзлар «Ҳал қилув қарори, қарор» деган сўзлар билан алмаштирилади;

50) 305-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“305-модда. Ажрим, қарор устидан берилган кассация шикояти (протести)

Суднинг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Апелляция инстанцияси судида кўрилган ажрим, қарор устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган кассация шикояти (протести) ушбу бобда кассация шикоятларини (протестларини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кассация инстанцияси суди томонидан кўрилади.

Кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судида кўрилган ажрим, қарор, апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) биринчи инстанция судининг ажримини, қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) биринчи инстанция судининг ажримини, қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартиришга ёки бекор қилишга ёхуд илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга;

3) даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги, даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримни, уларни 
ўз кучида қолдириш тўғрисидаги апелляция инстанцияси суди қарорини бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга;

4) апелляция инстанцияси судининг апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги, апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш, апелляция инстанцияси судида иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримни бекор қилишга ва апелляция шикоятини (протестини), ишни кўриш учун апелляция инстанцияси судига юборишга”;

51) қуйидаги мазмундаги 3051-модда билан тўлдирилади:

“3051-модда. Ишни кассация тартибида такроран кўриш

Ушбу Кодекснинг 282-моддасида кўрсатилган шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарларига ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддати ичида, мазкур муддат ўтказиб юборилган ҳолларда эса, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддатлар ўтгандан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди.

Ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритишга ҳақли. 

Ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларга кўра амалга оширилади”;

52) 306-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:


“306-модда. Кассация инстанцияси судининг ажрими устидан шикоят қилиш

Кассация инстанцияси суди судьясининг кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрими кассация шикояти (протести) берган шахснинг илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари томонидан бекор қилиниши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим ушбу бобда назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари протестига асосан кассация тартибида такроран кўрилиши мумкин. 

Кассация инстанцияси суди судьясининг кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, кассация шикоятини (протестини) қайтариш, кассация инстанцияси судининг кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш ҳақидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддати ичида, мазкур муддат ўтказиб юборилган ҳолларда эса, ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди”;

53) 36-боб чиқариб ташланади; 

54) 326-модданинг иккинчи қисмидаги “апелляция, кассация
ёки назорат” деган сўзлар “апелляция ёки кассация” деган сўзлар билан алмаштирилади;

55) 328-модданинг:

биринчи қисмидаги “ёки прокурор” деган сўзлар чиқариб ташланади;

тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгач берилган аризалар кўриб чиқилмайди, бундан ушбу Кодекс 327-моддасининг 2-4-бандларида назарда тутилган асослар бўйича берилган аризалар мустасно”.

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишини таъминлайди;

Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.

3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

кодекс

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг