Президент фармонига мувофиқ янги қўмита ташкил этилди

Жамият

image
Қўшни давлатлардан ўқишини кўчирганларни талабаликка қабул қилиш шартлари белгиланди north_east

Қўшни давлатлардан ўқишини кўчирганларни талабаликка қабул қилиш шартлари белгиланди

Сўхлик блогер озод этилди north_east

Сўхлик блогер озод этилди

Пандемия вақтида энг кўп фойда кўрган миллиардерлар маълум бўлди north_east

Пандемия вақтида энг кўп фойда кўрган миллиардерлар маълум бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мамлакатимизда пиллачилик ва қоракўлчилик тармоқларининг мавжуд салоҳиятини ҳар томонлама ишга солиш ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарининг рентабеллигини ошириш учун қулай шароитлар яратиш орқали ушбу соҳаларни қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур тармоқлардаги инфратузилма ресурсларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш, насл кўрсаткичларини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича фаолиятни кучайтириш талаб этилмоқда.

Пиллачилик ва қоракўлчиликни жадал ривожлантиришни таъминлаш, пиллачилик ва қоракўлчилик кластерларини ташкил қилган ҳолда хомашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жойларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

2021 йил 1 июлга қадар республиканинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қоракўлчилик кластерлари (кейинги ўринларда – кластерлар) ташкил қилинади;

кластерларга қоракўл зотли қўйларини боқишга мўлжалланган, шу жумладан, ўрмон билан қопланмаган ўрмон фонди ерларидан яйловлар ижарага берилади;

кластерларга яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, илмий ва инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали хомашёни чуқур қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича мажбуриятлар юкланади;

кластерлар Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилади;

2021 йил 1 январдан бошлаб кластерларга ҳудудларда шахтали ва тик қудуқлар, шунингдек, сув тортиш учун насос станцияларини янгидан қуриш ва реконструкция қилишга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тфадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4567-сон қарори 2-бандида назарда тутилган 120 миллион сўмгача миқдорда субсидиялар бериш тартиби қўлланилади;

Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси (кейинги ўринларда – Уюшма) аъзолари – кластер иштирокчиларига майда шоҳли наслдор мол харид қилиш ва кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, озуқа базасини яратиш, ярим тайёр ва тайёр, шу жумладан, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тери ва жунни қайта ишлаш ҳамда биноларни реконструкция қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш лойиҳаларини молиялаштириш учун 2020-2023 йилларда ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, лойиҳалар ҳажми, сони ва уларни амалга ошириш учун зарур бўлган валюта туридан қатъи назар, тижорат банклари томонидан ўрнатилган фоиз ставкасининг 50 фоизи, бироқ 10 фоизлик пунктидан кўп бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсациялар берилади;

Уюшма аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун камида битта иш ўрни яратиш шарти билан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан бирга 2021 йил 1 июлга қадар ташкил этилаётган кластерларга озуқа базасини яратиш учун фойдаланишга киритилаётган қишлоқ хўжалиги майдонларидан 1-иловага мувофиқ ажратиб берилишини таъминласин.

3. Молия вазирлиги 2020 йил 1 октябрга қадар Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ҳузуридаги Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 августдаги “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4420-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилиши лозим бўлган маблағларнинг қолган қисмини ажратсин.

4. 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида қоракўлчиликни ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари 2–2.13-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

5. Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифаси этиб белгилансин:

•    пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;
•    тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш;
•    ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;
•    пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;
•    маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни энг аввало ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;
•    пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш;

6. Белгилансинки:

а) қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган барча яйловлар Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказилади;

б) яйловлар кластерларга Қўмита томонидан мустақил равишда, шу жумладан, ноль ставкада ижарага берилади;

в) ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерларидаги яйловлар кейинчалик Қўмита томонидан кластерларга, шу жумладан, ноль ставкада иккиламчи ижарага бериш учун Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 3-иловага мувофиқ Қўмитага ноль ставкада ижарага берилади;

г) қуйидагилар кластерларни ташкил қилиш шартлари ҳисобланади:

Қўмита, ташаббускор ҳамда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ўртасида ташаббускорга яйловни ижарага беришни, шунингдек, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи шартнома тузилиши;

ташаббускор томонидан яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, илмий ва инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали хомашёни чуқур қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича мажбуриятлар қабул қилиниши;

д) наслчилик чорвачилик субъектларини давлат аттестациясидан ўтказиш ва наслчилик чорвачилик хўжалиги мақоми тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш қоракўлчиликка тааллуқли қисмида Қўмита билан биргаликда амалга оширилади.

7. Қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган Яйловларни хатловдан ўтказиш ва ҳолатини ўрганиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 4-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Комиссия 2020 йил 15 октябрга қадар қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган мавжуд яйловлар Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказилишини таъминлаган ҳолда, ялпи хатловдан ўтказсин.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қўмитанинг доимий эгалигига берилаётган яйловларнинг кадастр паспортлари тайёрланишини ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишини тўлов ундирилмасдан таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари 2020 йил 1 ноябрга қадар қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган яйловларни хатлов натижалари якунларига кўра Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказсин.

8. Қуйидагилар:

Ипакчилик илмий-тадқиқот институти – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ихтиёридан;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти –Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ихтиёридан;

Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази – “Ўзчорванасл” агентлиги ихтиёридан Қўмитага ўтказилсин.

9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Жаҳон банкининг амалга оширилаётган лойиҳаси (15 миллион евро) ва Франция тараққиёт агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқилаётган “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш” лойиҳаси (16 миллион евро) доирасидаги иккита грант линиялари юқорида кўрсатилган илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техника базаси, лаборатория ускуналарини модернизация қилиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларга хорижий мутахассисларни жалб қилишга йўналтирилишини таъминласин.

10. Қўмита Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
Ипакчилик илмий-тадқиқот институти, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва республика вилоятларида ташкил қилинаётган, қишлоқ хўжалигидаги билим ва инновациялар тизимини ўз ичига олган Агрохизматлар марказлари билан чуқур интеграциялашувини;

пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига Агрохизматлар марказлари орқали билимлар бериш, уларни илмий-амалий қўллаб-қувватлаш ва хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилишини таъминласин.

11. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипак (ТИФ ТН коди – 5002 ва 5003) ни олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан эътиборан олиб чиқиладиган ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипакнинг ҳар бир килограмми учун 0,05 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

12. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Пиллачиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинсин ва Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипак (ТИФ ТН коди – 5002 ва 5003) ни олиб чиқишда ундириладиган йиғимлардан тўлиқ ҳажмдаги тушумлар, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар унинг маблағларини шакллантириш манбаи этиб белгилансин.

13. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қўмита бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти филиалларида қоракўлчилик соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича махсус йўналишлар очишни назарда тутсин;

Самарқанд ветеринария ва медицина техникумида майда шоҳли молларни кўпайтириш ҳамда ипак қурти етиштириш бўйича кадрлар тайёрланишини таъминласин;

Марғилон шаҳридаги 1-сон касб-ҳунар мактабида ипак қурти етиштириш, хом ипакни қайта ишлаш ва ипакдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кадрлар тайёрланишини таъминласин;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Ипакчилик илмий-тадқиқот институти уларга майда шоҳли молларни ва ипак қуртини кўпайтириш бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил қилишда илмий-методик ёрдам кўрсатиш вазифасини юклаган ҳолда тегишинча Самарқанд ветеринария ва медицина техникумига ва Марғилон шаҳридаги 1-сон касб-ҳунар мактабига бириктирилсин.

14. Ушбу Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

2020 йил 1 ноябрга қадар қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган мавжуд яйловларни ялпи хатловдан ўтказишда Комиссияга кўмаклашсин;

яйловлар ўз вақтида Қўмитанинг доимий эгалигига ўтказилишини ҳамда озуқа базасини яратиш учун кластерларга ер участкалари ажратилишини таъминласин;

б) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 2020 йил 1 ноябрга қадар ушбу Фармоннинг 3-иловасида назарда тутилган яйловлар ноль ставкада ижарага берилишини таъминласин;

в) Қўмита 2021 йил 1 июлга қадар:

кластерлар ташкил қилиш ва уларга яйловларни ижарага бериш учун ташаббускорларни, шу жумладан, чет эллик тадбиркорлар орасидан танлаб олсин;
иштирокчиларнинг кластерлар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича аниқ мажбуриятларини белгилаган ҳолда, ташаббускорлар ҳамда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти билан шартномалар тузсин;

кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқалари ўрнатилишини таъминласин;

олис чўл ҳудудларида майда шоҳли наслдор молларни суғориш учун мавжуд иншоотлар (тик ва шахтали қудуқлар)ни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш бўйича 2021 йилга мўлжалланган дастурни тасдиқласин.

15. Қўмита бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бирга Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипакни олиб чиқиш устидан мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2020 йил 2 сентябрь

Aҳрорбек Ҳайруллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг