Президент Фарғонадан олиб келган кадр номзоди вазирликка кўрсатилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилиши ҳақида маълум қилинган эди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 18 февраль куни ўтказилган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди. Давлат раҳбарининг мазкур Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилмоқда. Депутатлар мазкур Фармонни тасдиқладилар.

Шунингдек, депутатлар ушбу янги вазирлик раҳбари — Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири — Ҳукумат аъзолигига тайинланаётган номзодни кўриб чиқдилар, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига айни пайтда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозимида ишлаб келаётган Раҳмат Маматов номзоди кўрсатилган.

Савол-жавоб, муҳокамалар якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Раҳмат Маматовни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига маъқуллаш ҳақидаги қарори қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 январь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Раҳмат Маматовни Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси лавозимига тайинлагани ва у билан ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш бўйича янги режалар устида ишлаётганини айтган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Раҳмат Маматов

Баҳолаганлар

272

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг