Сайёҳларга электрошокер қўллаган ИИО ходимларининг раҳбарлари ҳам “учди”
Жамият
−
06 Июнь 2022
22532Самарқандда қозоғистонлик сайёҳларга электрошокер қўллаган ички ишлар ходимларининг икки нафар раҳбари ишдан олинди. Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун янги чоралар ишлаб чиқилган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. Анжуман тафсилотлари STV телеканалида берилди.
“Электрошокер масаласи бўйича биз чуқур хизмат текшируви ўтказдик. Уни кенг муҳокама қилдик. Электрошокер қўллаган икки ходим ҳам эгаллаб турган лавозимидан олинган. Прокуратура томонидан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари кетаяпти. Уларнинг иккала раҳбари ҳам бевосита йўриқнома беришда хатоликка йўл қўйгани учун ишдан олинди”, дейди Раҳмат Маматов.
Унинг таъкидланишича, энди ҳар бир ички ишлар ходимининг қўлида фуқаролар билан қандай муомала қилиш ва электрошокерни қандай ҳолатларда қўллаш бўйича маълумотлар келтирилган йўриқнома бўлади.
“Ким билан қандай муомалада бўлиш керак, булар бўйича биз қўлланма [ишлаб чиқдик]. Ҳар битта соҳа, яъни кўпроқ фуқаролар билан ишлайдиган профилактика тизими, йўл ҳаракати хавфсизлиги, патрул-пост хизмати билан битта раҳбар ўзи бориб кунлик йўриқнома ўтаяпти”, дейди вилоят ИИБ бошлиғи.
Маматовнинг сўзларига кўра, йил бошидан бери хизмат вазифасини етарли даражада бажармаган, фуқаролар билан ишламаган 11 нафар профилактика инспектори ички ишлар тизимидан ишдан олинган, 10 нафардан ортиғига эса интизомий жазо чораси қўлланилган.
“Кеча вилоят ИИБ фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлайдиган бошқарма бошлиғини ишдан олдим. Сабаби — нима учун фуқаро иккинчи марта овора бўлиб келиши керак? Нима учун унинг мурожаати вақтида телефон орқали етказилмади? Сизни мана шу мурожаатингиз ечими мана шундай деб топилди, деб айтмайди”, дея танқид қилди бошқарма бошлиғи.
Қолаверса, Раҳмат Маматов фуқароларнинг онгида ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар шаклланиб қолганига ходимларнинг қўпол муомаласи сабаб бўлаётганини таъкидлади.
“Барибир ўша фикр борлигининг ўзи нотўғри. Ижобий бўлиши учун биз қачонки “сан” сўзимизни йўқотиб, “сиз”га ўтишимиз керак. Қанақа муаммоси бўлаётган бўлса тинглаяпти, ечимини топаяпти. Ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, фуқаро ўзи тан олган ҳолда, судга чиққанда ҳам агар қўпол гапирмаган бўлсак, ҳеч қачон бизга нисбатан салбий фикр билдирмайди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 майдан 21 майга ўтар кечаси Самарқанд шаҳрида тунги хизматга жалб этилган Самарқанд шаҳар ИИБ Патруль-пост хизмати ходимлари, Мирзо Улуғбек кўчасида қўшни мамлакатдан Ўзбекистонга меҳмонга келган сайёҳларнинг шахсини текшириш жараёнида қўпол муносабатда бўлиб, хизмат вазифасини ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилган.
Тергов давомида ИИБ ходимлари сайёҳларга нисбатан ноқонуний тарзда куч ишлатгани тасдиқланиб, икки нафари ишдан бўшатилди. Прокуратура уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят ишини қўзғатди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь