“Президент бўлишга нолойиқ”. Ким Чен Иннинг синглиси Жанубий Корея раҳбарига “тош отди”
Олам
−
16 Сентябрь 2021
13571Корея Халқ Демократик Республикаси раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инни танқид қилди. Бу баёнот эса КХДР оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинмади. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг “Yonhap” агентлиги хабар берган.
Таъкидланишича, кеча, 15 сентябрь куни Жанубий Корея Чхунчхон-Намдо провинциясидаги полигонда “Досан Ан Чан Хо” сув ости кемасидан ракета учирди. Шундан сўнг, Мун Чжэ Ин Корея Республикасининг баллистикларни ишлаб чиқиши Пхеньян учун етарлича тўсиқ бўлади, деган фикрни билдирди.
Бунга жавобан, Шимолий Корея ўша куннинг ўзидаёқ Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғининг ўринбосари, Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжоннинг баёнотини эълон қилди. У Жанубий Корея раҳбарини “мамлакат Президенти бўлишга нолойиқ аҳмоқ” деб атаган ва унинг бу каби баёнотлари Шимол ва Жануб ўртасидаги муносабатларнинг бутунлай “музлаш”ига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Шу билан бирга, Ким Ё Чжон Пхеньян воқеаларнинг бундай ривожланишини ёқтирмаслигини таъкидлаган.
Қайд этилишича, аввал Ким Ё Чжоннинг Сеул ва Вашингтонни танқид қилган барча баёнотлари КХДРнинг етакчи нашрлари томонидан доимий равишда нашр этилган, шунингдек, радио ва телевидениеда намойиш қилинган.
Бир қатор экспертларнинг фикрича, бу сафар бундай нашрларнинг йўқлиги КХДРнинг кўп томонлама мулоқотни қайта бошлашга тайёрлигини кўрсатиши мумкин.
Аввалроқ, КХДР узоқ масофага учувчи янги қанотли ракетани муваффақиятли синовдан ўтказгани ҳақида хабар бергандик. 15 сентябрь куни эса КХДР бир неча дақиқалик фарқ билан Япон денгизи томон иккита ракета учирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь