Президент билади: айрим амалдорларнинг ўзи тадбиркорларга тўсиқ бўляпти
Жамият
−
18 Апрель 5365 2 дақиқа
Ўзбекистонда айрим раҳбарлар тадбиркорларга йўл очиш ўрнига, уларга ўзи тўсиқ бўлаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев буни билади ва бугун, 18 апрель куни ўтказилаётган дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг Ўзбекистон соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида шу масалада гапириб, танқид қилди.
“Такрор ва такрор айтаман – “ҳозирги дунёдаги вазият бизга таъсир қилмайди” деганлар жуда катта хато қилади. Бундай шароитда фақат ўз кучимиз ва ички имкониятларимизга таяниб, дадил-дадил қадам ташлашимиз керак”, дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда таъкидланишича, кўп раҳбарлар ҳали масаланинг жиддийлигини, икки карра кўп ишлаш кераклигини билмаяпти. Ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудудларнинг биринчи раҳбарлари аниқ-аниқ режа қилиб, ишлаб чиқариш, экспорт билан ўзи шахсан шуғулланиши шарт ва зарур.
“Бир ҳафта давомида мутасаддилар 3 мингдан зиёд тажрибали тадбиркорлар билан учрашди. Ишбилармонлар халқаро бозорлардаги тебранишларга мослашиш учун тезда ҳал қилиш керак бўлган янги-янги масалаларни қўймоқда. Вазирлар, ҳокимлар, банк ва тармоқ раҳбарларига саволлар кўп”, дейилади йиғилиш ҳақида Президент Администрацияси томонидан тарқатилган хабарда.
Видеоселектор йиғилишида Президент Мирзиёев айрим раҳбарлар тенденцияларни ўрганиб, хатарларни тўғри баҳолаб, тадбиркорларга йўл очиш ўрнига ўзлари тўсиқ бўлаётганини танқид қилган.
Бундайларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Live
Барчаси