Президент Андижонга ташрифини бошлади

Жамият

image

Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига келди. Давлат раҳбарининг ташрифи Избоскан туманидан бошланди.

Избоскан туманининг Қўғай маҳалласи - энг чекка ҳудудлардан бири. Иқтисодий имкониятлар натижасида қишлоқларга ҳам саноат кириб бормоқда. Бу аҳолини иш билан таъминлашда жуда муҳим.

Яқинда ушбу маҳаллада “Соҳиб омад баракаси” кластери томонидан “And gold” тикув-трикотаж корхонаси ишга туширилди.

1

Давлат раҳбари мазкур фабрика фаолияти билан танишди.

Қиймати 2 миллион 500 минг АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида янги бино қурилиб, замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Корхона йилига 3 миллион 500 минг дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган. Бу борадаги йиллик имконият 5 миллион доллардан зиёд. Ҳалитданоқ калава ип етказиб бериш бўйича Хитой ва Россия билан шартнома тузилган.

Корхонада ҳозирча 830 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Президентимиз улар билан суҳбатлашди.

“Сизларга ўзимнинг ҳурматимни, муҳаббатимни билдираман. Ўзларингиз яшайдиган қишлоқда ишли бўлганларингиздан хурсандман. Қачон Избосканда мана шундай замонавий корхона бўлган? Бу ишларни яна давом эттирамиз. Хотин-қизларимиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Фабрика тўла қувватга чиққанда, чекка ҳудуддаги 1 минг 200 нафар киши доимий иш билан таъминланади.

Шу ерда Андижон вилоятида саноат тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Андижонга ташриф

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг