Президент 20 йил илмга эътибор қилинмагани ва чет элга кетган ёшлар ҳақида гапирди (видео)
Жамият
−
11 Сентябрь 2019
8377Ўзбекистонда “Президент мактаби”дан бироз кичик, аммо ушбу мактабга ўқувчиларни тайёрлаб берувчи Физика мактаби, Математика мактаби, қолаверса, алоҳида университет ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 10 сентябрь куни Тошкент шаҳрида очилган илк “Президент мактаби”га ташрифи чоғида маълум қилди.
Пойтахтдаги “Президент мактаби” 168 ўринга мўлжалланган мактаб биноси ва ётоқхона, 15 ўринли ўқитувчилар меҳмонхонасига эга.
Жорий йилда мактабнинг 5-10-синфлари учун ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчидан 144 нафари ўқишга қабул қилинди. Канаданинг “Teachaway” ва Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб қилинди. Таълимда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари олиб келинди.
Президент мактаб ўқитувчилари, мутахассислар билан мулоқот қиларкан, 20 йил давомида таълимга эътибор қаратилмагани ва бу кутта йўқотиш бўлганини, кўплаб иқтидорли ёшлар чет элларга кетганини айтди.
“20 йил танаффус бўлди. Илмга бўлган эътиборимиз анча сусайиб кетгани рост. Кўп болаларимиз чет элларга кетди. Энди биз етиб олишимиз керак. Президент мактаблари асосида биз йўналиш андозаси қилмасак, эртага кеч бўлишини мен тўғри тушунаман. Бизда ўқитилаётган методика менга мутлақо маъқул эмас. Ал-Хоразмий, ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Фарғоний яшаган даврда “Нобель” мукофоти бўлганда эди, бу мукофотнинг 80%и ўзбекларда бўлар эди.
Ана шу айпадлар, телефонларнинг ичидаги энг катта схема Хоразмийнинг схемаси. Буни ўзбек қилган, деб ҳеч ким айтмайди. Шунинг учун булардан Мирзо Улуғбек, Хоразмий қилдирмоқчиман. Бунга ҳамма имконият бор, мен бунга ишонаман”, дейди давлат раҳбари.
Президент мактаблари жорий йилда Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида ҳам очилади. 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.
Давлат раҳбари охирги йилларда Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларга тўхталаркан, ўзи учун энг нозик ва муҳим масала айнан таълим-тарбия эканини қайд этди.
“Уч йилда жуда кўп соҳаларда ислоҳотлар бўляпти. Лекин мен учун энг нозик, мен учун энг керак соҳа – бу таълим-тарбия, айниқса, мактаблар. Мен бунга жуда катта эътибор беряпман, бу андоза бўлади, бу ишимизнинг бошланиши”.
LiveБарчаси