Президент 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни буюрди
Жамият
−
21 июл 10588 1 дақиқа
Экспорт йўналишида ўзгариш қилмаган 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлиги бугуннинг ўзида кўриб чиқилади. Бу ҳақда бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Бош вазирга топшириқ берди.
Қайд этилишича, йиғилишда олти ой якуни бўйича саноат ва экспорт кўрсаткичлари ҳам танқидий таҳлил қилинган.
Биринчи чорак якунида саноат режасига чиқмаган 13 та туман ҳокими ва экспортни камайтирган 15 та туман ҳокими жазоланган. Кўпчилик ҳокимлар бундан хулоса чиқариб, олти ойлик прогнозларни бажарган. Лекин айрим туман ва шаҳарларда саноат ўсиши суръати пасайгани қайд этилган.
Янгиобод туманида саноат ўсиши прогноз қилинган 5,7 фоиз ўрнига атиги 1,8 фоизни ташкил этган. Ғозғон шаҳри, Музработ, Қизириқ ва Олтиариқ туманларида ҳам ўсиш суръати тушиб кетган.
Экспорт йўналишида ҳам қатор туман ва шаҳарларда ўзгариш бўлмагани кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Касби, Денов, Тошкент тумани, Жиззах шаҳри, Пахтаобод, Навоий шаҳри, Жомбой, Тойлоқ, Бандихон, Мирзачўл, Ёзёвон ва Бектемирда ишлар сусайгани танқид қилинган.
Бош вазирга ушбу 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлигини бугуннинг ўзида кўриб чиқиш топширилган.
Тўққиз ой якунида ўзгариш бўлмаса, вилоят ҳокими ўринбосарларига нисбатан ҳам қатъий чора кўрилиши белгиланган.
Live
Барчаси