Президент 14 йил аввал канализация қудуғида қолиб вафот этган лейтенантни мукофотлади

Жамият 16065
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь – Ички ишлар ходимлари куни муносабати билан бундан 14 йил аввал хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган собиқ Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг экспертиза ва криминалистика бўлинмаси эксперти Ойбек Нишоновни “Жасорат” медали билан тақдирлади

Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаган Ойбек Нишонов Янгиер шаҳрини ёнғиндан муҳофаза қилувчи 5-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги хизматида иш бошлайди. 

У 2006 йилнинг февраль ойида вилоят ИИБ экспертиза ва криминалистика бўлимига бевосита бўйсунувчи Экспертиза ва криминалистика бўлинмаси эксперт-криминалисти лавозимига тайинланган.

2006 йилнинг 16 май куни Янгиер шаҳридаги “Сувоқова” корхонаси ишчилари участка раҳбари Ф.Қаландаров бошчилигида техника хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳолда, 6 метр чуқурликдаги канализация қудуғига тушиб, аммиак газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлишади. Таъмирлаш ишлари билан шуғулланаётган яна 4 нафар ходим қўшимча кучлар етиб келгунига қадар уларни қутқариш мақсадида пастга тушиб, ҳавосиз бўшлиқда қолиб, юқорига чиқа олмайди. 

Янгиер шаҳар ИИБга келиб тушган “ташвиш” сигналига кўра, таркибида лейтенант Ойбек Нишонов бўлган тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига етиб боради. Ойбек Нишонов вақтни бой бермасдан, қудуқ ичида қолиб кетган ишчиларни қутқаришга киришади. У қудуқнинг ичига тушиб, ҳушсиз ҳолда ётган А.Халиқулов ва А.Юсуповни қисқа вақт ичида юқорига олиб чиқади. Сўнгра таъмирчи усталарни олиб чиқиш учун яна пастга тушади. Бироқ юқорига чиқишга бир неча метр қолганида аммиак газидан заҳарланган Ойбек Нишонов шу ернинг ўзида ҳаёт билан видолашади. 

Эслатиб ўтамиз, Президент фармони билан жорий йилнинг 1 сентябрь куни хизмат вазифасини бажариш вақтида ЙТҲ қурбони бўлган икки нафар йўл патруль хизмати ходимлари – Салим Умаров ва Равшан Боқиев ҳам "Жасорат" медали билан мукофотланганди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 609
Рейтинг: 3
t
×