Пойтахт ҳудуди Тошкент вилояти ҳисобига кенгаяди

Жамият 19720
image

Тошкент вилоятининг бир қатор ҳудудлари Тошкент шаҳрига ўтказилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.

Қонунчилик палатаси томонидан “Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди.

Унга кўра, Тошкент вилоятидан жами 7853,3 гектар ер майдони (шундан 3250,1 гектари қишлоқ хўжалик ерлари) Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда. Жумладан: 

  • Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1 827,1 гектар ер майдони (Чорбоғ, Белариқ, Файзли, Жалойир, Номданак, Қумариқ, Хонободтепа, Тараққиёт, Қорасув, Хонобод, Қушбеги, Соҳибкор, Истиқлол, Нурафшон МФЙ) Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига; 
  • Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490,0 гектар ер майдони (Гулбоғ, Йик ота МФЙ) Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига; 
  • Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1 134,2 гектар ер майдони (Бектемир, Нурафшон, Намуна, Янги ҳаёт, А.Навоий МФЙлар) Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига; 
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 294,6 гектар ер майдони (Геофизика, Алишеробод, Чингелди, Дўстлик, Тараққиёт, Баркамол, Боғишамол, Ватанпарвар, Амир Темур, Мевазор, Гулбоғ, Гулзор-1, Пастки юз МФЙлар) Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига; 
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 107,4 гектар ер майдони (Жарбоши, Ташисти, Ибрат, Миришкор, Арғин, Баҳор, Чинор, Товкентепа МФЙлар) Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани таркибига;
  • Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига;
  • Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилмоқда.

Қарор лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб Сенатга юборилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 646
Рейтинг: 3
t
×