Пора билан ушланган “Хоразм вилояти электр тармоқлари” бош директори қамалди
Жамият
−
30 Декабрь 2021
13777Жорий йилнинг январь ойи бошида “Хоразм вилояти электр тармоқлари” АЖ бош директори Муродбой Базаримбетов 15 минг доллар пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат бўйича очилган жиноят иши судда кўриб чиқилиб, айбдорга ҳукм ўқилди.
Суд ҳукмида қайд этилишича судланувчилар Муродбой Базаримбетов ва К.Б. олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар Тупроққалъа тумани, “Соримой” посёлкасида янгидан ташкил қилинаётган “B.A.M.” МЧЖга қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси учун ўрнатиладиган трансформатор пунктини 6-10 квт.лик электр линиясига яқин таянчдан улаб бериш бўйича мурожаат қилганлигидан фойдаланган. Хусусан, К.Б. тадбиркорнинг мурожаати натижасини сўраган шасхдан ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига тадбиркордан 15 000 АҚШ доллари олиб беришини айтган.
К.Б. Хонқа туман ҳудудида З.А.дан Nexia-3 русумли автомашинаси салонида 15 000 АҚШ долларини Муродбой Базаримбетовга пора тариқасида олиб бориб бериш учун олган вақтида ушланиб, пора олиш жиноятини содир қилишда иштирокчилик қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан давом эттирилган тадбир натижасида Базаримбетов ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда К.Б. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, З.А.дан К.Б. орқали 15 000 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан пора тариқасида олган вақтида ушланган.
Биринчи инстанция судининг ҳукмига кўра Муродбой Базаримбетовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 3 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
К.Б.га ЖКнинг 28 ва 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Бироқ ҳукм устидан апелляция инстанциясига шикоят қилингач, иш Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган. Ҳайъат иш ҳужжатлари, тарафларнинг кўрсатмаси ва бошқа далиллар билан танишиб чиқиб ажрим қилган.
Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судининг 2021 йил 9 июлдаги Б.М. ва К.Б.га оид ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Тарафларга апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят, протест билдирилиши тушунтирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь