Помпео БМТ вакилининг Сулаймоний ўлдирилиши бўйича айбловини ёлғонга чиқарди
Олам
−
10 Июль 2020
5810АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео БМТнинг судсиз қатл қилиш бўйича махсус маърузачиси Агнес Калламарнинг эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг америка ҳарбийлари томонидан ўлдирилиши тўғрисидаги фикрига жавоб қайтарди.
Агнес Калламар Ислом инқилоби посбонлари корпусининг “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси генерали Қосим Сулаймонийнинг АҚШ ҳужуми натижасида ўлдирилишини қонунга зид деб баҳолаганди.
“Биз БМТнинг махсус маърузачиси Калламарнинг ИИПК “Ал-Қудс” кучлари генерали Қосим Сулаймонийнинг АҚШ ҳаво зарбаси натижасида ўлдирилиши юзасидан эълон қилган ҳисобот, фикр ва важларини инкор қиламиз. Калламар хонимнинг хулосалари фиктив... АҚШ зарбанинг халқаро ҳуқуққа зид эмаслиги бўйича асосларга эга”, деган Помпео.
Помпео ҳаво ҳужуми Эрон Ислом Республикасининг қатор қуролли ҳужумлари ва жангариларни қўллаб-қувватлашига жавоб бўлганини таъкидлади.
“Сулаймоний ўлдирилган ҳаво зарбаси ЭИР ва у қўллаётган жангарилар томонидан Яқин Шарқда АҚШ кучлари ва манфаатларига қарши уюштирилган қатор ҳужумларга жавоб эди. Зарба Эронни келажакда АҚШ ва унинг манфаатларига қарши ҳужум ташкиллаштиришдан ёки уни қўллаб-қувватлашдан тийиш ҳамда “Ал-Қудс” бўлинмасининг ҳарбий имкониятларини қисқартириш учун амалга оширилди”, деди Помпео.
Ҳолатга муносабат билдирган БМТ вакили давлатлар ўз-ўзини ҳимоя қилиш нима экани ва бу важдан ўзига ёқмаган инсонларни йўқ қилишда фойдаланиш қанчалик тўғри экани юзасидан аниқ тўхтамга келиб олиши кераклигини қайд этганди.
Эслатиб ўтамиз, Қосим Сулаймоний жорий йилнинг 3 январь куни Бағдод аэропортида АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганди. Шундан сўнг, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий можаро қуролли тўқнашувга айланиш хавфи юзага келганди.
Хусусан, Ироқдаги АҚШ элчихонаси олдига бир неча бор ракета тушган. Бундан ташқари, Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларини бомбардимон қилганди.
Аввалроқ, Эронда Сулаймонийнинг Бағдоддаги жойлашувини МРБга сотган хоин ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси