Полянский Финляндия ва Швецияни Россия ҳужумидан огоҳлантирди
Олам
−
12 Май 2022
15383Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши ҳамда уларнинг ҳудудида НАТО бўлинмаларининг жойлаштирилиши бу мамлакатларни Россия учун потенциал нишонга айлантиради. Бу ҳақда Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский Британиянинг “UnHerd News” интернет нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Агар бу ҳудудларда НАТО бўлинмалари пайдо бўлса, бу ҳудудлар зарба бериш учун нишон ёки эҳтимолий нишонга айланиши мумкин”, дейди у.
Полянский таъкидлаганидек, Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишлари биланоқ, Россия томонидан муайян чоралар кўрилишини билади.
Маълумот учун, Швеция ва Финляндия Россиянинг Украинадаги махсус операцияси фонида узоқ муддатли бетарафликдан воз кечиш ва НАТОга қўшилиш имкониятлари ҳақида гапира бошлади. Ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг альянс Финляндия ва Швецияни ўз сафида кўришдан хурсанд бўлишини ва уларга тезроқ қўшилиш имкониятини тақдим этишини таъкидлади.
Президент Саули Ниинистё ва Бош вазир Санна Мариннинг бугун, 12 май куни эълон қилган қўшма баёнотга кўра, Финляндия имкон қадар тезроқ НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериши керак. Расмий қарор 15 май куни қабул қилиниши кутилмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнотларни мамлакат ташқи сиёсатидаги туб ўзгаришлардан далолат деб атади.
Кремль Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа қўшилишини мамлакат учун экзистенциал таҳдид деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, НАТОнинг Россия чегараларига яқинлашиши дунёни ва хусусан, Евроосиё қитъасини барқарор ва хавфсизроқ қилмайди.
LiveБарчаси